АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатга келувчи юқори малакали муҳожирлар сонини бир неча баробар оширмоқчилигини айтди.

“Биз амалга ошираётган энг муҳим ўзгариш юқори малакали муҳожирлар сонини 12 фоиздан 57 фоизга кўпайтиришдир. Биз бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришишни истаймиз”, – деган президент.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда АҚШ “истеъдодлиларни камситаяпти”. "Грин-карта орқали Америкага келганлар хориждаги қариндошларини чақириб олаяпти. Америка “энг ақлли” муҳожирларни ўзига жалб этиши керак", – деган Трамп. У Канада тажрибасини мисол келтирган. У ерда юқори малакали муҳожирлар миқдори барча муҳожирларнинг 70 фоизини ташкил қилади.

У, шунингдек, тасодифий асосда танланиб қолган, йилига 55 минг хорижликка мамлакатга келиш имконини берувчи лотереяни ҳам тугатиш ниятини билдирган.

Грин-картани бекор қилиш Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди. Лекин бу масала ҳозирча муаллақ турибди.

Трампнинг ташаббуси амалга ошиши учун уни Конгресс тасдиқлаши керак. Ҳозиргача Трампнинг кўплаб таклифлари Конгрессда ҳар икки партия томонидан ҳам қаршиликка учраб келаяпти.

Ўзбекистонликлар МДҲ мамлакатлари орасида ушбу лотерея орқали Америкага борувчилар ичида кўпчиликни ташкил қилади. DV-2019 натижаларга кўра Ўзбекистондан АҚШга 4500 тагина одам кетган.