Кўпинча метрополитенда платформадан йиқилиб тушганда нима қилиш керак деб сўрашади. Қуйидаги маслаҳатларимиз кимгадир асқотиб қолиши мумкин.

Энг муҳими:

  • биринчидан, саросимага тушманг.
  • Иккинчидан, платформага ўзингиз мустақил чиқиб олишга ҳаракат қилманг.

Агар поезд кўринмаса тезда платформанинг бошига (соат осувли турган жойга) боринг. Платформанинг ён эшигига борганингизда ҳаракат датчиги ишлаб кетади.

Рельсдан ҳатлаб ўтинг (у ерда токли рельсдан ҳатлаб ўтиш учун зинапоя қилинган бўлади).

Ва эшик олдида тўхтанг, сигнализация ишлаб кетади – бекат навбатчиси келиб, эшикни очиб, сизни чиқариб олади.

Платформага тирмашиб чиқиб олишга уринманг !!!

Поезд йўлининг ён томонида, платформа тарафдан токли рельс ўтган (расмда сариқ ранг билан кўрсатилган). 825 вольт ҳаётингизга нуқта қўйишга етиб-ортади.

Токли рельсни ёпиб турувчи "П"симон қопламани босманг, у сизни кўтармайди. У бунга мўлжалланмаган.

Агар поезд жуда яқин келиб қолган бўлса тезда рельслар орасидаги ариққа ётиб олинг. Вагоннинг тагида ҳеч нарса рельснинг устки сатҳидан пастга осилиб турмайди.

Ариқнинг тубидан рельснинг устки сатҳигача ярим метрдан кўпроқ масофа бор. Сизни ҳеч нарса илиб кетмайди.

Ёдда тутинг: машинист ҳам сизни кўради ва поездни тўхтатади!

Асосийси – саросимага тушманг ва қимирламай ётинг.

Агар поезд узоқда бўлса платформанинг бошига боринг, яқин келиб қолган бўлса тезда рельслар орасидаги ариққа юзтубан ётинг.

Албатта поезд келадиган томонга бош қўйиб ётинг!

Агар тескари йўналишда ётсангиз поезднинг шамолига кийимингиз кўтарилиб илашиб қолиши ва поезд сизни судраб кетиши мумкин.