Битиргандан кейин тоғли ва чўл ҳудудларда дарс бермоқчи бўлган абитуриентлар университетга имтиёзли қабул қилинади. Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида шу ҳақда сўз боради. Рағбатлантиришнинг бундай механизми Халқ таълими вазирлиги тавсияси билан амалга оширилмоқда.

Бу нега муҳим: олий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнида узоқ ҳудудлардан келган абитуриентлар учун ўқишга киришда имтиёзларнинг йўқлиги сабабли тоғ ва чўл ҳудудларидаги мактабларда ўқитувчиларга эҳтиёж юқори даражада қолмоқда. Чекка ҳудудларда айниқса математика, физика, кимё, информатика, чет тиллар каби фанлар бўйича педагоглар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Концепцияда шунингдек 2030 йилга келиб барча мактабларнинг электр энергияси, табиий газ, кўмир, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминланиши белгилаб қўйилган.