Мактабларда ўқув жараёнидан ташқари пулли таълим хизматларини кўрсатишга рухсат берилди.

Бу нима дегани: мактаблар ҳозир урф бўлган "5 та ташаббус"ни амалга ошириш ўчоғи бўлиши лозим эди.

"5 та ташаббус" ёшлар билан 5 та йўналишда ишлаш методидир: санъат, спорт, IT технологиялар, китобхонлик ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш.

Мазкур ташаббусларни амалга оширишда мактабларнинг инфратузилмасидан мақсадли фойдаланиш кўзда тутилган. Ўқувчи ва маҳаллар ёшлари учун маданий, спорт ва фан, IT-технологиялар тўгараклари ташкил этилиши керак. Лекин бу тўгараклардан, мактабнинг кўчмас мулкини ижарага беришдан пул ишлашга ҳуқуқий асос йўқ эди.

Энди эса Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мактабларда пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланди:

  • Мактабларда ташкил этиладиган таълим хизматлари ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ўртасида шартнома асосида кўрсатилади.
  • Таълим хизматлари нархлари кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда мактаб директори томонидан тасдиқланади.
  • Кам таъминланган оила фарзандлари учун нархлар умумий тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
  • Келиб тушадиган маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори ўқитувчиларга ҳақ тўлашга йўналтирилади.
  • Мактабларда қўшимча таълим хизматлари кўрсатишда шаффофлик таъминланади ва аллақачон шаклланган "дарсдан кейин репетиторликни" легаллаштиради.
  • Шу билан бирга ўқув муассасасининг инфратузилмаси ва таъминотини яхшилаш учун қўшимча маблағ топиш имкониятини яратади.

Мазкур қарорларнинг амалиётга самарали жорий қилиниши таълим муассасаларидаги ноқонуний йиғимларни бартараф этишга ҳам кўмак беради.