Ҳуқуқбузар жариманинг 70 фоизини ихтиёрий равишда ўн беш кун ичида тўласа, у қолган суммани тўлашдан озод этилиши мумкин. Шундай чорани назарда тутувчи таклифни Бош прокуратура Президент Администрациясига уч ой ичида киритиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 мартда имзолаган "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда:

"в) манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда суд томонидан маъмурий жаримага тортиш ҳолатларидан ташқари, жаримага тортиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин", – деб айтилган.

Бу нега муҳим: бу чора жарималар йиғилувчанлигини ошириб, оддий халққа ҳам муайян енгиллик беради.

Лекин жарима тўлашнинг соддалаштирилган тартиби:

  • маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда;
  • маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида қўлланмайди.