"Фейсбук"нинг омма учун очиқ "Халқ билан мулоқот / Диалог с народом" саҳифасида ‎Ҳусан Аташайхов (Husan Atashaykhov‎) исмли муаллифнинг тез тиббий ёрдамдаги кечикишларнинг сабаблари ва гўёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги қилаётган хатолар ҳақидаги мактуби чоп этилди. Ўзининг кўп йиллик тез тиббий ёрдам тажрибасига эга эканини айтган муаллифга кўра, тез тиббий ёрдам соҳасидаги камчиликларга ходимлар айбдор бўлиб қолмоқда.

Мактубда келтирилган фикрлар ва статистик маълумотлар фақат муаллифники ва мустақил манбалардан тасдиқланмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил январь ойида "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори афтидан ҳали иш бермаяпти.

Сиз бу фикрларга қўшиласизми?

"Ҳукумат томонидан ҳақиқий воқеликни яшириш тиббиёт ходимларининг обрўсини туширишдан ташқари, беморларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда.

Мен 14 йилдан бери тез тиббий ёрдам бўлимида ишлаб келаман. Мен ва мен каби тез тиббий ёрдам ходимлари ҳар вақт ишга келишдан олдин навбатчилигим тинч ўтсин деб илтижо қиламиз... Чунки ҳукумат тез тиббий ёрдамдаги кечикишларда ҳар доим тез тиббий ёрдам ходимини айбдор қилиб кўрсатишидек ёлғон сиёсат оқибатида тиббиёт ходимлари руҳан ва жисман зарар кўриши одатий ҳолга айланган, бу биз каби тиббиёт ходимларини аҳоли ғазабига дучор қилиб, тинч ишлашимизга халақит бермоқда.

Ҳаммага маълумки, кечга бориб тез тиббий ёрдамда чақириқлар икки-уч баробар ошиб кетади. Чунки ҳамма шошилинч ёрдамга муҳтож бўлган хасталиклар кучаяди. Айнан шу пайтда кечикишлар кўпайиб кетади. Шу сабабли тез тиббий машиналар сони етишмовчилиги яққол кўринади. Натижада чақириқлар стол устида соатлаб қолиб кетади. Афсуслар бўлсинким, тиббий ёрдам машиналари бандлигига қарамай аҳолидан тушаётган чақириқларни 103 маркази олаверади.

Машина бандлигига қарамай, бўш тиббий ёрдам машинаси йўқ бўлса-да, марказдаги диспетчерлар тез тиббий ёрдам тез фурсатда етиб боришини айтиб беморнинг қариндошларини умидвор қилиб қўйишади.

Афсуслар бўлсинким, тез ёрдам машинаси тиғиз пайтда соатлаб кечикиб боради. Энг ачинарлиси шуки, куну тун ишлаётган тез тиббий ёрдам ходими (уларнинг туну кун овқатланиши ва тиғиз пайтда ҳожатга кириши ман қилинган) ҳар доим аҳоли ўртасида ёмонотлиқ бўлиб қолаверади.

Ҳеч бир айби бўлмаса-да кечикиб борган тиббиёт ходими руҳан ва жисман зарар кўради. Дарҳақиқат, кечикиб борган тиббиёт ходимини беморларнинг қариндошлари қандай кутиб олишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Нима учун 103 маркази бўш тиббиёт ходими ёки бўш тез тиббий ёрдам машинаси бўлмаса-да тушаётган чақириқни олиши керак? Нима учун марказ диспетчери аҳолига бўш машина йўқлиги сабабли ёрдам кечикиб бориши мумкинлиги ҳақида гапира олмайди?

Афсуски, бу умидворлик оқибатида бемор қариндошлари тиббий ёрдам кўрсатувчи бошқа манбаларга (атрофидаги тиббиёт ходимларини ёки бошқа хусусий тез ёрдамни чақириш ёки ўзлари беморни касалхонага олиб бориш) мурожаат қилмайди.

Тўғри, ҳар бир поликлиникага тез тиббий ёрдам машинаси берилган. Лекин бу машина аҳолини алдаш учун кўргазма, холос. Уларнинг вазифаси поликлиникадаги пробиркаларни ташишдан иборат бўлиб қолмоқда.

Энг ачинарлиси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиғиз пайтдаги кечикишларни халқдан яширган ҳолда ҳамма айбни тез тиббий ёрдамда ишлаётган ходимларга юклаб қўйиш сиёсатини олиб бормоқда!

Мен бир неча бор тез тиббий ёрдамдаги кечикишларни камайтириш йўлларини таклиф қилдим. Лекин йиллаб шу соҳада ишлаб ўрганган ва шу соҳа бўйича китоблар ёзган мутахассиснинг таклифлари вазирликнинг қайсидир тортмасида изсиз йўқолиб кетмоқда. Чунки уларга жонкуяр кадрдан кўра аҳмоқ бўлса-да пахта қўювчи кадр керакдир".