Крайстчерч шаҳрига бутун Янги Зеландиядан минглаб одам келиб, ҳужум қилинган масжиднинг олдидаги паркда жума намозини ўқиди

Намозга азон миллий ТВ ва радиоканалларда чақирилгандан сўнг бир ҳафта олдин жума намозидан чиқаётганда ўлдирилган 50 киши хотирасига икки дақиқа сукут сақланди.

Маросимда қатнашган Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн тўпланганларга ҳадисдан иқтибос келтирган.

"Баданнинг бир қисми лат еганда, бутун бадан оғрийди. Янги Зеландия сизларга ҳамдард, биз биттамиз", – деган бош вазир.

Ўнг қанотчи миллатчилар бир ҳафта олдин Крайстчерчнинг иккита масжидида мусулмонларга ҳужум қилган.

Жума намозидан чиқаётган камида 50 киши ҳалок бўлган.

  • Қуролланган кишилар ан-Нур ва Линвуд масжидига бостириб кирган.
  • Чиқиш эшикларини ёпган ва намозхонларни ўққа тута бошлаган. Отишма содир бўлган вақтда масжидда 300 га яқин одам бўлган.

Босқинчилардан бири ҳужум олдидан интернетда 37 саҳифалик манифест эълон қилиб, унда ўз режаларини баён этган. Кейин эса отишмани интернетда жонли эфирда намойиш қилган.

Янги Зеландия аҳолисининг 1,1 фоизи мусулмонлардир.