Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” танловига старт берди.

Вазирлик ахборот хизматининг хабарига кўра, бу йилдан танловнинг шаффофлигини таъминлаш ва кенг оммани жараёнга жалб этиш мақсадида танлов низомига бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан:

  • Бу йилги танловда олий маълумотли, камида 3 (уч) йиллик педагогик стажга ҳамда иккинчи ва ундан юқори малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар ихтиёрий равишда қатнашади.
  • Иштирокчилар жорий йилнинг 18 мартидан 5 апрелига қадар Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайтида ташкил этилган саҳифада онлайн рўйхатдан ўтади.
  • Ҳужжатлар сони 10 тадан 5 тага қисқартирилди ва барчаси электрон шаклга ўтказилди.
  • Танлов шартлари 5 тадан 3 тага қисқартирилди.
  • Танловни адолатли ўтказиш учун ҳайъат таркибига барча ҳудудлардан тенг миқдорда ҳакамлар олинади.
  • Иштирокчилар таълим сифатини ошириш учун мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида лойиҳа тақдимотлари тайёрлайди.
  • Танловнинг республика босқичи иштирокчилари ўзларининг “Лойиҳа тақдимотлари”ни ижтимоий тармоқлар (Facebook) орқали эълон қилади ва жамоатчилик томонидан баҳоланади.
  • Ҳар бир тест саволи учун аниқ фанлардан 3 (уч) дақиқа, ижтимоий ва филология фанларидан 2 (икки) дақиқадан вақт берилади. Тест материалларига PISA, TIMSS халқаро баҳолаш талаблари сингдирилади.
  • Иштирокчиларнинг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, тегишли фан бўйича қўшимча 10 тадан тест саволи бериш орқали ғолиб аниқланади. Ғолиб аниқлангунча тест жараёни давом эттирилади.
  • Танловнинг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар энг кам иш ҳақининг 15, 12, 8 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Танловда қатнашишни хоҳловчи ўқитувчилар ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.