Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов энергия ресурслари тарифининг ошиши истеъмолчилар учун у қадар оғриқли бўлмаслигини ваъда қилди. Бу ҳақида у ЎзАга берган интервюсида айтган.

«Ишлаб чиқилаётган тарифларда катта ўзгаришлар бўлмайди. Фақат бу инфляция даражасида бўлади. Айтайлик, минимал электр ишлатадиганлар учун етарли нормалар қўйилади», – деди энергетика вазири.

«Тарифлар чиққанда кўрасизлар, бу аҳолига катта оғирлик бўлмайди», – деб ваъда берди вазир. Аммо ишлаб чиқарувчилар томонидан спекуляция бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб, бунга йўл қўймаслик учун жамоатчилик назорати зарурлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, минимал электр ва газ ишлатадиганлар учун етарли нормалар қўйилади. Лекин бунга фақат ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилганидан кейингина эришиш мумкин. «Мамлакатимизда салкам 7,5 миллион абонент бор. 2020 йил якуни билан юртимиздаги барча истеъмолчига электр ҳисоблагичлар ўрнатилади. Ана ўшанда ҳисоб-китоб ҳам тўғри бўлади. Ана шунда амалиётга ижтимоий норма ва тарифни тўлиқ киритсак бўлади», – деди у.

Ойига 300 мингта хонадонга ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари Ўзбекистон ўз онлайн ҳисоблагичларини ишлаб чиқармоқчи. У энергия ресурсларининг қадрига етишга чақирди, чунки «тугамайдиган нарсанинг ўзи йўқ».

Султоновнинг айтишича, 2019 йилнинг 1 январидан Тошкентнинг Юнусобод туманида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ва газни белгиланган базавий нормаларга асосан ҳисоб-китоб қилиш тажрибаси ўзини оқлаган. «Пул тушуми 60 фоиз ошиб, йўқотишлар кескин камайган. Тажриба ўзини оқлагани учун шу йил якунигача Тошкент, қисман Самарқанд, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида мазкур тизим жорий қилиниши кўзда тутилмоқда», – деди вазир.

Ушбу интервю Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда энергия ресурслари тарифларини мақбуллаштириш масаласи муҳокама қилинганидан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлди. Давлат раҳбари электр энергияси баҳосини бозор нархигача кўтариш энергетика соҳасига сармоя жалб қилишнинг ягона йўли эканини айтиб, тарифлар ҳақидаги маълумотни аҳолига етказишни буюрган эди.

Ўзбекистонда 1 июнда тарифларни ошириш режалаштирилган эди, лекин у охирги дақиқаларда бекор қилинди. Ҳукумат «Ўзбекнефтгаз» ва электр энергияси соҳаси корхоналарининг рентабеллилигини ошириш мақсадида молия ва энергетика вазирликларига тарифларни қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф тайёрлашни топширди.