АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон нефт танкерлари ва қувурларига ҳужумга Эроннинг алоқаси борлиги, масала келаси ҳафта БМТ Хавфсизлик кенгашида кўрилишини айтган. Ҳозир Форс кўрфазига АҚШнинг USS Abraham Lincoln авиаташувчи кемаси ва B-52 бомбардимончи учоқлари жўнатилган, айрим маълумотларга кўра тўлиқ жанговар ҳолатдаги F-35 ҳарбий учоқлари БААга жойлаштирилган.

Ўзи нима гап?

Доналд Трамп ҳокимиятга келгач, АҚШнинг Эронга босими кескин кучайди. Барак Обама президентлиги давридаги Эронга қарши санкцияларнинг юмшатилишига доир келишувлар бекор қилинди. Муносабатлар кескинлашди. Эроннинг турли прокси гуруҳлар орқали террорчилик, бузғунчилик билан шуғулланаётгани ҳақида айбловлар яна кўпайди.

8 май куни Эрон АҚШ ва Европа давлатлари билан 2015 йилги ядро келишувидан қисман чиқишини эълон қилган. Бундан бир йил аввал Трамп АҚШнинг ўша келишувдан чиқишини эълон қилган эди.

Ана шу шароитда 12 май куни Эроннинг минтақадаги асосий рақобатчиси Саудия Арабистони ўзининг 2 та нефт танкерига ҳужум қилингани, битта танкер АҚШга йўл олган бўлганини маълум қилган.

Ўша куни БАА ҳам 4 та тижорий кемага ҳужум бўлганини маълум қилган. Улардан иккитаси Саудия Арабистонига, биттаси норвег компаниясига тегишлилиги айтилган.

Танкерга айнан қандай қурол шикаст етказгани ошкор қилинмаган. Агар сув остидан зарба берилган деб тахмин қилинса, Ямандаги Эрон қўллаб келадиган хусийлар ишлатиб келган денгиз минаси бўлиши мумкин деб ҳисобланиши ва, табиий, яна Эрон айбланиши мумкин.

Ушбу икки ҳодисадан сўнг Эрон билан АҚШ ва унинг минтақадаги араб иттифоқчилари ўртасидаги вазият кескинлашган.

Ҳеч бир томон ҳужумни бўйнига олмаган. Эрон ҳодиса юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирган ва айрим хорижий ўйинчилар денгиздаги хавфсизликни издан чиқариш учун “авантюра” қилаяпти деган.

Эрон ҳарбий зиддиятлар келиб чиқса, кўрфазни ёпиб қўйиш билан таҳдид қилиб келади. Бу эса кўрфаздаги араб давлатларининг ташқи дунёга чиқишини кескин чеклаб қўяди.

АҚШ бу таҳдидларни жиддий қабул қилмаяпти. Аксинча, ҳудудга авиаташувчи кема юборган. Трамп Эронни денгизда мутлақо иҳоталаб, нефт экспортига жиддий тўсиқ қўйиши мумкин.

Болтон нима деяпти?

Жон Болтон аввалроқ Эрон танкерларга ҳужумда айбдорлигини даъво қилган, аммо аниқ далил келтирмаган эди. Ҳозир далиллар келаси ҳафта БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилишини айтмоқда. Унинг айтишича, танкерлар Эроннинг денгиз миналари билан портлатилган.

Болтон пайшанба куни Эрон хавфи тугамагани, ҳудудга АҚШнинг қўшимча ҳарбий кучларини юбориш савдо йўллари ва минтақадаги иттифоқчилар хавфсизлиги учун кераклигини таъкидлаган.

У, шунингдек, Ямандаги уруш учун ҳам Эронни айблаган, ҳарбий аэродромлар ва тинч аҳолига дронлардан орқали ҳужум қилишда айблаган. Унинг айтишича, ташқи ёрдам бўлмаса Ямандаги исёнчи хусийлар дронларни ўзлари қўлга кирита олмайди.

Болтон Эрондаги ҳукуматни ағдариш кераклигини анчадан бери айтиб келади.

Бу ҳолат нима учун муҳим?

АҚШ ҳеч қачон бирор айбловсиз бирор давлат ҳудудига бостириб кирмайди. Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлиги ҳақида ҳам далиллар борлиги айтилган. Ироқ босиб олингач, аввал айтилган далиллар сохта бўлиб чиққан.

Эрон минтақадаги энг тинч, барқарор давлатлардан бири. Аҳолиси катта. Эронда бетартиблик келиб чиқиши бутун минтақани ўз домига тортиб кетиши, Афғонистондан Фаластингача чўзилган улкан нотинч минтақа пайдо бўлиши эҳтимоли оз эмас. Қолаверса, дунё бозорига нефт айни шу ҳудуддан келишини ҳисобга олсак, дунё иқтисодига ҳам катта таъсир қилади.