Халқ таълими вазирлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Digital Knowledge Co. Ltd компанияси (Япония) таълимни бошқариш тизимини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳага старт берди.

31 май куни ХТВ, JICA ва Digital Knowledge Co. Ltd вакиллари мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича баённомани имзолаган.

  • Лойиҳа таълимни бошқариш тизимини жорий этиш орқали мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш, вилоятларда ягона таълим сифатини таъминлаш ҳамда давлат ва нодавлат мактабларида таълим сифатини оширишга қаратилган.
  • 1 млн. долларлик мазкур лойиҳа давлат-хусусий шерикчилик шаклида амалга оширилади. Лойиҳа JICA ажратган грант ҳисобига молиялаштирилади.
  • Digital Knowledge Co. Ltd компанияси мутахассислари янги лойиҳани амалга оширишда қатнашади. Жумладан, лойиҳа доирасида вилоятларда жойлашган 14 та синов мактабида таълимни бошқариш тизими жорий этилади (ҳар бир вилоятда биттадан мактаб).

Лойиҳа доирасида япониялик мутахассислар синов мактаблари фаолияти ва ўқитиш методларини ўрганади. Ҳамкорликда қилинган иш натижаларига кўра ўқитувчилар Ichishin Holdings Group, Meiko Network Japan, Gakusho ва Япониянинг бошқа етакчи компанияларининг ўқув дастурлари ва материаллари бўйича масофавий таълимдан ўтади. Мазкур дастур ва материаллар таржима қилиниши ва Ўзбекистон стандартларига мослаштирилиши ҳам режалаштирилган.

Компютер тест тизимини маҳаллийлаштириш мазкур лойиҳанинг асосий қисмларидан бири бўлади. Маҳаллийлаштирилгандан сўнг мазкур тизим орқали синов мактабларидаги ўкувчилар имтиҳондан ўтказилади.

Лойиҳа доирасида япониялик мутахассислар нодавлат таълим муассасалари вакиллари учун ҳам таълим тизимини бошқаришнинг афзалликлари ва электрон ўқув материалларини яратиш бўйича бир қатор тадбирлар ташкил этишни режалаштирган. Яратилган ўқув материаллари давлат мактабларида синовдан ўтказилади.