Россиянинг RT ва «Спутник» янгилик агентликлари «дезинформация тарқатишдаги фаол роли» сабабли Лондонда бўлиб ўтажак ОАВ эркинлигига бағишланган глобал анжуманда қатнаша олмайди деб хабар берди Британия ташқи ишлар вазирлиги 8 июлда.

10-11-июл кунлари ўтказиладиган анжуманда 60 вазир (хусусан Ўзбекистон ТИВ Абдулазиз Комилов) ва 1000 нафар журналист иштирок этиши кутилмоқда.

«Дезинформация тарқатишдаги фаол иштироки сабабли биз RT ёки Спутник мухбирларини аккредитациядан ўтказмадик», – деди Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби.

«Барча аккредитация сўровларини қондириш имконсиз бўлса-да, анжуманда бутун дунёдан, жумладан Россиядан келган журналистлар ҳам иштирок этмоқда».

Аввалроқ Россия элчихонаси «RT»га оид қарорни қоралаб чиққан ва уни «сиёсий сабаблар асосидаги дискриминация» сифатида баҳолаб, ташқи ишлар вазирлигига шикоят йўллаганини маълум қилганди.

«RT»нинг 5 июл кунги баёнотига кўра анжуманда унинг журналистлари учун жой йўқлигини айтишган.

Ташқи ишлар вазирлигининг изоҳидан сўнг, RT душанба кунги баёнотида шундай деди: «Матбуот эркинлигини ҳимоя қила туриб, ноқулай овозларни тақиқлаш ва муқобил ОАВга туҳмат қилиш – иккиюзламачиликнинг ўзига хос кўринишидир».

Меҳмонларнинг якуний рўйхати эълон қилинмаган бўлса-да, расмийларга кўра конференцияга фақат Шимолий Корея, Сурия ва Венесуэла вакилларигина таклиф этилмаган.

Декабр ойида Британиядаги ОАВ назоратчиси – Ofcom Англиянинг Солсбери шаҳрида асаб тизимини фалажловчи газ ҳужуми билан боғлиқ ҳодиса ортидан эфирга узатилган бир нечта дастурда RT томонидан холислик қоидалари бузилганини қайд этган эди.

Москва 2018 йил март ойида россиялик собиқ жосус Сергей Скрипал ва унинг қизига қарши содир этилган ҳужумни маъқуллагани борасида Лондоннинг даъволарини рад этган.

Сохта янгиликларга қарши кураш

Лондон анжумани ташкилотчиларига кўра, тадбир ОАВ эркинлиги масалалари, жумладан, сохта хабарларга қарши курашда халқаро миқёсдаги муҳокама ва ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Анжуман олдидан Буюк Британия Шарқий Европада дезинформацияга қарши кураш ва ғарбий Болқонда мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш учун 18 млн. фунт стерлинг (22,4 млн. доллар) ажратилиши ҳақида эълон қилган.

Бу беш йил давомида Шарқий Европа ва Марказий Осиёга ажратиладиган 100 млн. фунт стерлинг (125 млн. доллар) миқдоридаги маблағнинг бир қисмидир.

Спутник ва RT каби Россия оммавий ахборот воситаларининг Марказий Осиё ва ундан ташқарида сохта хабарлар тарқатиш ва дезинформация билан шуғулланиб келгани қайд этилган.

RAND корпорациясининг 2016 йилги тадқиқотига кўра, RT ва Спутник нашрлари – «гарчи уларнинг формати анъанавий янгиликлар дастури кўринишида бўлса-да, ҳақиқий журналистикадан кўра кўпроқ ахборот-кўнгилочар ва дезинфомацион фаолият қоришмасига ўхшайди».

Россия ОАВ шунчаликка бориб етдики, ҳатто Кремл учун мақбул манзарани яратиш мақсадида актёрлар билан сохта интервюлар ўтказди.

2018 йил апрелда Кремл қўлловидаги Сурия режимининг айбини яшириш учун Сурияда кимёвий қурол қўллаган ҳолда амалга оширилган ҳужум борасида ёлғон маълумотлар тарқатиши Россиянинг ўз ташвиқотини ёйишга безбетларча уринишларидан бири бўлди.

Афғонистон расмийлари ва ОАВ шарҳловчиларининг айтишича, Россия оммавий ахборот воситалари ёлғон ва воқеликка зид хабарларни тарқатиб, мамлакатда ваҳима келтириб чиқаришга уринади.

Россия «ахборот» агентликларининг беқарорлиги

Марказий Осиё аҳолиси Кремлнинг дезинформацион кампаниясини пайқаган ҳамда Спутник ва RT каби Россия оммавий ахборот воситаларига ишонмай қўйган.

2018 йил апрелда бутун дунёда, шу жумладан, Марказий Осиёда ҳам жамоатчилик фикрига таъсир қилишга уринган Россиянинг «Троллар фабрикаси»га тегишли Facebook ва Instagram аккаунтларининг Facebook томонидан ўчирилиши шусиз ҳам оз қолган ишончга путур етказган.

Январ ойида Facebook Россияда очилган ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда зарарли фаолият билан шуғулланган 500 дан ортиқ саҳифа, гуруҳ ва аккаунтларни ўчириб ташлаган эди.

Шу йилнинг март ойида Facebook ва Instagram тармоғида мувофиқлаштирилган зарарли таъсир чоралари билан шуғулланган яна 2600 та саҳифа, гуруҳ ва аккаунтлар ўчирилган.

Facebook компаниясининг киберхавфсизлик сиёсати бўйича раҳбари Натаниэл Глейхерга кўра, ушбу Facebook саҳифалари, гуруҳ ва аккаунтларидан 2000 таси Россияга алоқадор бўлган.