Шу ҳафтада чуқур сув остида сузувчи кемада юз берган ёнғин туфайли россиялик 14 денгизчининг ҳалок бўлгани – мамлакат ҳарбий-денгиз флоти бошига тушган фалокат ва бахтсиз ҳодисаларнинг галдагиси бўлиб, Россия ҳарбий техникасининг ҳолати юзасидан хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Узоқ шимолда юз берган фожиа 2000 йилда 118 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва президентлигининг илк йили Владимир Путинни мушкул аҳволга солиб қўйган «Курск» сувости кемаси ҳалокатининг акс-садоси бўлди.

«1 июл (душанба) куни биометрик ўлчашлар вақтида чуқур сув остига туширилган илмий-тадқиқот ускуналарида ёнғин келиб чиқди», – деб хабар берган Россия мудофаа вазирлиги.

 Владивостокка келиб тўхтаётган Россия крейсери, шу йилнинг январь ойи. Сўнгги йилларда Россия ҳарбий денгиз флоти бир қатор фожеали ҳалокатларни бошдан ўтказди. (Россия мудофаа вазирлиги)

Кема экипажининг 14 аъзоси тутундан заҳарланиш оқибатида Россия ҳудудий сувларида ҳалок бўлган деб хабар қилган вазирлик матбуот хизмати «AFP»га.

«Тадқиқотлар»га оид сохта баёнот

Исми ошкор этилмаслиги шарти билан AFP билан суҳбатлашган ҳарбий таҳлилчилардан бири ёнғин илмий тадқиқотлар вақтида юз бергани ҳақидаги даъволарни рад этган.

«Одатда бундай баҳона денгиз тубида олиб бориладиган турли ишлар, жумладан кабел ўтказиш ишлари учун қўлланади», – деди эксперт.

Ҳалок бўлган 14 кишининг 7 нафари денгиз кучларининг юқори мартабали зобитлари бўлишган, бу топшириқнинг оддий эмаслигидан далолат беради. Сувости кемасида жами нечта денгизчи бўлгани номаълум.

«Новая газета»нинг манбаларга таяниб ёзишича, авария сув остига чуқур шўнғий оладиган, «Лошарик» номи билан машҳур АС-12 кичик сувости атом кемасида юз берган. 2003 йилда фойдаланишга топширилган ва тадқиқотлар олиб бориш, қутқарув ишлари ва махсус ҳарбий операциялар учун мўлжалланган АС-12 кемаси ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Сешанба (2 июл) куни Норвегия радиация бошқармаси Россия сувости кемасида газ портлагани ҳақида Москвадан хабар келиб тушганини маълум қилди.

«Россия ҳукумати газ портлаганини тасдиқлади», – деган Норвегиянинг радиациядан ҳимоя қилиш агентлиги (NRPA) раҳбари Пер Странд.

«Россия томонидан сувости кемаси бортида реактор бўлган-бўлмагани ҳақидаги ахборотни кутаяпмиз», – деди у радиация даражасининг кўтарилиши қайд этилмаганини қўшимча қилар экан.

Фалокатларнинг узун тарихи

Постсовет даврида Россияда бир неча бор шу каби нохуш ҳодисалар юз берган.

2000 йилнинг август ойида Баренц денгизида «Курск» сувости кемаси чўкиб кетган, ундаги 118 кишининг барчаси ҳаётдан кўз юмган эди.

Текширувлардан маълум бўлишича, ҳалокатга торпеда портлаши сабаб бўлган.

Фожиа юз берганидан кейин ҳам бир неча кун таътилда бўлган Путиннинг муносабати кескин танқидга учраган эди. Расмий Москва хорижий давлатларнинг қутқарув ишларида ёрдам бериш бўйича таклифларини қатъиян рад этган.

  • 2008 йилда юз берган бошқа бир бахтсиз ҳодисада эса 20 россиялик – уч денгизчи зобит ва 17 оддий фуқаро газдан заҳарланиб ўлганди – Япон денгизидаги тадқиқот ишлари чоғида кеманинг ёнғинни ўчириш тизими тасодифан ишга тушиб кетган.
  • 2011 йилда Россиянинг энг йирик атом сувости кемаларидан бири «Екатеринбург» Мурманск вилоятидаги таъмирлаш ишлари чоғида ёниб кетган.
  • Кейинроқ ёнғин чиққан вақтда кемада узоқ масофага учадиган ядровий каллакли ракеталар бўлгани хабар қилинган.
  • Шу йилнинг март ойида Қозоғистонда Россияга қарашли Ми-8 вертолётининг ҳалокатга учраши натижасида ундаги 13 ҳарбий хизматчининг барчаси ҳаётдан кўз юмган.

«Музей экспонатлари»

Россия билан узоқ тарихий ва сиёсий алоқаларга эга Марказий Осиё мамлакатлари асосан Россиядан ҳарбий техникани сотиб оладилар.

«Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон асосан эски, музей экспонатларидек бўлиб қолган совет даври техникасидан фойдаланади», – дейди нурсултонлик халқаро муносабатлар бўйича эксперт Руслан Назаров.

«Россия Марказий Осиё давлатларига тақдим этган эски ҳарбий техника фавқулодда вазиятларда ёрдам бера олмайди», – деб огоҳлантирган Киевдаги Армия, қайта тайёрлаш ва қуролсизлантириш тадқиқотлари марказининг Осиё ва Тинч океани бўлинмаси раҳбари Юрий Пойта.

«Бундай қуроллар заиф давлатлар ёки ноқонуний қуролланган гуруҳларга қарши чекланган кўламдаги ва ўртача фаолликка эга жангларда oзроқ самара бериши мумкин, холос», – дейди Пойта.

«Аммо ғарб давлатлари замонавий ҳарбий мезонлар бўйича бошқалардан устунроқ», – деди Пойта. У замонавий бошқарув ва разведка воситалари, нишонларни ёритиш, роботлаштирилган учувчисиз қурилмалар, юқори аниқликдаги қуролларга эҳтиёж борлигини таъкидлаб ўтган.

Тизимдаги камчиликларни яширишда россиялик ҳарбийлар кўпинча муболағали даъволарга таянадилар.

Шундай ҳолатларнинг бирида Путин ўтган йили халққа мурожаатида Россия янги авлоддаги «енгилмас» қуролни яратганини иддао қилган эди.

---

Мақола «Карвонсарой»да чиққан.