Иқтисодий беқарорлик туфайли ва "фарзандларнинг келажагини ўйлаб", тобора кўпроқ ўзбеклар Ўзбекистондан чиқиб кетиш йўлларини қидирмоқда. Грин-карта шулардан биридир.

Бугун, 7 май куни Тошкент вақти билан 21:00 да грин-карта ғолиблари аниқланади.

1Яна қанақа грин-карта?

1990 йилдан бери ҳар йили тасодифий танланган 50 минг чет элликка АҚШда яшаш учун рухсатнома берилиб келади. Бу лотереянинг расмий номи "Турли миллат вакилларига виза" дастури бўлиб, халқ орасида "грин-карта" сифатида танилган.

2Демак, АҚШга ҳар ким ҳам кетаверар экан-да?

Афсус, ёки бахтимизга, ундай эмас. Аввало, мамлакатлар бўйича чекловлар мавжуд. Миллий хавфсизлик вазирлиги охирги беш йилда у ёки бу давлатдан келган мигрантларнинг сонига қарайди. Агар бу сон 50 мингдан ошиб кетса (нафақат лотерея орқали келганлар), бу мамлакат лотереяда қатнашмайди. Ўзбекистон ҳозирча қатнашаяпти, лекин АҚШда ўзбекистонлик мигрантлар йилига кўпаяётганини ҳисобга олсак, кейинги йилларда қатнашмаслиги ҳам мумкин.

3Ғолибларни қандай аниқлашади?

Ғолибларни компьютер тасодифий танлайди. Лекин бериладиган визалар мамлакат ва минтақа бўйича чекланган. Аввало, ҳеч қайси мамлакатга умумий грин-карталарнинг етти фоизидан (3,5 минг) кўпроғи берилмайди.

Бутун дунё олти минтақага бўлинади. Агар бирор минтақадан АҚШга кўпроқ мигрантлар келган бўлса (ҳозир бу Лотин Америкаси ва Осиё), унга камроқ имтиёз берилади, қолганларнинг устунлиги ошади. Ўзбекистон Европа минтақасида.

4Кўп ўзбекистонликлар грин-картага ариза топширадими ?

Миллионлаб. Лекин, масалан, DV-2019 натижаларга кўра АҚШга 4500 тагина одам кетган. Ўзбекистон бу борада МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда.

5Ютганимни қачон ва қандай билишим мумкин?

Грин-картага ариза топширган бўлсангиз, 2019 йил 7 май соат 21 дан 2020 йил 30 сентябргача http://www.dvlottery.state.gov сайтида сизга берилган махсус рақам орқали билишингиз мумкин.

Давлат департаменти сизга ҳеч қандай электрон ёки оддий хат жўнатмайди. Сиз АҚШ давлат департаментидан олишингиз мумкин бўлган ягона электрон хабар лотерея ўтказилганидан сўнг ютуқ чиққан-чиқмаганини текшириб кўришингиз лозимлиги ҳақидаги эслатмадир.

Бунинг устига расмий муассаса ҳеч қачон ҳисобига пул ўтказиб беришингизни сўрамайди. Агар воситачи орқали ариза берган бўлсангиз, шу ҳолатга алоҳида эътибор беринг.

6Green Card ютган бўлсангиз: кейинги қадамлар

Табриклаймиз. Энди қилишингиз керак бўлган энг муҳим ишлар қуйидагича:

  • Consular Electronic Application Center сайтида сиз DS-260 форма – иммиграцион виза анкетасини тўлдиришингиз керак. У инглиз тилида тўлдирилади. Анкетада шахсий маълумотларингиз, оилавий аҳволингиз, иш ва ўқиш жойингиз, судланган ё судланмаганингиз ҳақидаги маълумотларни кўрсатасиз.
  • Суҳбатдан олдин тўплашингиз керак бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати мана бу ерда кўрсатилган. Инглиз тилида расмийлаштирилмаган барча ҳужжатларга сертификатланган таржимаси илова қилинган бўлиши керак. Нотариал тасдиқлаш, апостиль қўйиш талаб қилинмайди.
  • Тиббий текширувдан фақат махсус сертификатланган муассасалардагина ўтиш мумкин. Бу ҳижратни ният қилган оиланинг ҳар бир аъзосига ўртача 215 долларга тушади (бошқа мамлакатларда нарх 10-15 доллар фарқ қилиши мумкин), эмлаш учун алоҳида пул тўланади.
  • Суҳбат. Сиздан барча ҳужжатларнинг асл нусхаси ва инглизча таржимаси, тиббий кўрик натижалари ва суҳбат таклифномаси талаб қилинади.
    Суҳбатдан кўзланган асосий мақсад – аризаларни айнан суҳбатга келган одамлар берганига амин бўлиш, бармоқ изини олиш ва уни маълумотлар базаси билан солиштириш, тиббий кўрик натижаларини кўриш ва ҳамма ҳужжатлар мавжудлигини текширишдир.

7Грин-картани лотереясиз ҳам олиш мумкинми?

Ҳа, аслида кўпчилик бошқа йўллар билан олади. Биринчиси, сиёсий бошпана сўраш :). Лекин бу бизга тўғри келмайди, бизда демократия. Демак, АҚШ фуқаросига ёки грин-картаси бор одамга уйланиш/эрга тегиш ва касбий виза олиш қолади. Касб визасини фақатгина 4 фоиз мигрантлар олади. Асосан ҳинд дастурчилари ва рус олимлари.

8Трамп ўзбекнинг орзусини бекор қилмоқчи

Грин-картани бекор қилиш Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди. Лекин бу масала ҳозирча муаллақ турибди. Ҳар эҳтимолга қарши, шошилинг.