"Йилбоши" маъносини англатувчи "наврўз" атамасини таърифлашга ҳеч қандай зарурат йўқ. Наврўзнинг азалий рамзи "сумалак" борасида бундай деб бўлмайди. Туркий, арабий, форсий, рус, ҳиндий ва санскрит тилларидаги луғатлар, турли тадқиқотлар воситасида сумалак таомининг биз билмаган тарихи маълум бўлди.

Оч қолган аёл ва болалари ҳақидаги "ёлғон" афсона

Бу таомнинг номи "сумалак", "сумелек", "сумаляк" (туркий), "саману" (форсий) каби яна бир нечта шаклларда учрайди. Форсий луғатларда "саману – ундирилган буғдойдан тайёрланган овқат тури" дея изоҳланган.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ҳам шунга ўхшаш "ундириб янчилган буғдой ва ундан тайёрланадиган ҳолвайтарсимон овқат" дейилган.

Матбуотда, туркум мақолалар ва тадқиқотларда "сумалак" сўзининг келиб чиқиши тўғрисида асосан бир аёл ва унинг оч қолган болалари тўғрисидаги ҳикоя сўзланади.

Она оч болаларини овутиш учун қозонга сув, уйдаги охирги бир сиқим буғдой ва қўзғаганда товуш чиқиб туриши учун тўрт-бешта тош солиб қайнатади. Очлик ва болалари қайғусидан толиққан она ухлаб қолади. Эрталаб уйғониб, қозонда ажойиб овқат қайнаб турганини кўради. Болаларига буни "си малак" (ўттиз малак) пиширган дея тушунтиради. Аҳоли ҳозир сумалакни "малаклар пиширган таом" сифатида танийди.

Балки бу ривоятларда жон бордир... Унда нега қиш пайтлари том шифтида қаторлашиб осилиб турган музларни ҳам сумалак деймиз? Улар бир-бирига сира ўхшамайди. Ёшлигимиздан бери эшитиб келаётган ҳикояларимиз ранг-баранг ва қизиқарли бўлса-да, уларда яна нимадир етишмаяпти. Бу ерда ҳақиқий тарих билан алоқадор нимадир қолиб кетаяпти.

Ўстирилган буғдой.

Минг йил олдинги изоҳ

"Сумалак" атамаси таркибидаги "малак" биз ўқиган ё эшитган ҳикоялардаги арабий "малак" (фаришта) ва "су" форсий "се" (уч) ёки "си" (ўттиз) сўзлари билан ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум бўлди.

"Сумалак" соф туркий (ўзбекча) сўз бўлиб чиқди. Муз сумалак билан қозондаги қайноқ таомнинг ҳам ўхшаш сифатлари бор экан.

  • Муаммо ечими Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғатит турк" китобидан топилди. Асарнинг III жилдида "сума" сўзига: "Ивитилган буғдой номи. У қуритилиб, туйилади. Сўнг ундан угра ош ва нон тайёрланади. Шарбат олиш мақсадида ундирилган арпа учун ҳам шу сўз қўлланади", – деб жуда тушунарли изоҳ берилган.
  • "Сума" сўзи мустақил маъно англатувчи иккита: "сув" ва "ман" (дон) сўзининг бирикувидан ташкил топган экан ("Тегирмон" сўзига солиштириб кўринг: "тугар" + "ман", донни тугиб, туйиб ун қилувчи). "Сума" сумалакнинг илк шакли эди.
  • Қишда қор суви эриб том шифтида пайдо бўладиган муз "сумалак" эса "сув" ва "буламак", "буламақ", "булатмақ" сўзлари қўшилувидан шаклланган.
Сув солиниб, олов ёқилган.

Ҳиндлар ҳам сумалак ичишган

Ҳиндларда "Сомаведа" номи билан машҳур китоб бор.

Ҳозиргача олимлар санскритдаги "сома" сўзини "сиқмоқ", "эзмоқ" феълидан олинган деб тахмин қилади. Лекин "сома" сўзи ҳиндий адабиётларда ичимлик ва кўкдаги ой номини англатади холос. Қарийб барча таржимонлар негадир "сома"ни маст қилувчи шарбат деб ҳисоблайди.

Ҳозиргача мутахассислар "сома" тайёрланадиган гиёҳ номини ахтаришади, турли фаразларни билдиришади. Ҳатто "сома"ни ўсимлик номи дейишади.

Маҳмуд Кошғарий эса "сома" сув ва буғдой (арпа ҳам) эканини ёзади.

Тайёр бўлган сумалак.

Ўзимизнинг сумалакка қайтамиз

Сумалак бир кеча қайнади, пишди, дам еди, тайёр бўлди. Энди қозондан ёпинчиқ олинади ва сумалак юзига қаралади. Бу ишни ҳамиша кўпни кўрган қариялар бажаради. Унинг юзидаги шаклларга қараб, кираётган йилнинг қандай келиши, об-ҳаво, деҳқончилик, чорвачилик аҳволи, юрт тинчлиги, ободлиги тўғрисида билишга уринишади.

Шиддат билан ўтиб бораётган йиллар эътиборимиздан четда қолаётган, бизга аҳамиятсиздек туюлган айрим қадриятларимизни ўзи билан олиб кетаверади.

Лекин эътибор беринг – сумалак ўз номини ўзи айтадиган таомдир. Унинг исмини бошқа изоҳлар унинг ўзичалик аниқ ифодалай олмайди. "Сумалак" тўрт унсурнинг қўшилувидан тайёрланади: сув, ҳаво (шамол), тупроқ, олов.

Ушбу мақола Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарихчи олим Абдусаттор Жуманазарнинг сумалак ва наврўз ҳақидаги туркум мақолалари асосида тайёрланди.