Guardian нашрида журналист Сюзанна Мурнинг Нукусдаги Савицкий номидаги қорақалпоқ давлат санъат музейи ҳақида мақоласи чоп қилинибди. Муаллиф Тошкентга келибди, Нукусга борибди, музейни кўрибди, ўрганибди ва фикрларини ёзибди.

Мақолада нима дейилади?

"Бу ўтмишдаги энг муҳим ва авангард услубидаги дунёнинг энг яхши коллекциясини ўзида жамлаган музей бўлиб, ҳозир эътиборга муҳтож ва авлодлар учун асраб қолиниши лозим бўлган музейдир", – дейилади мақолада. Муаллиф музейнинг обрў-эътиборини кўтариш лозимлигини айтаркан, Савицкий музейини Марказий Осиёнинг Лувридир деб таърифлайди.

Журналист ҳикоясини Тошкентга ташрифидан бошлайди: "Мен Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳридагаги маданият вазирлигидаман. Катта давра ичида ўтирар эканман, расмийлар менга қандай ажойиб имконият юзага келганини тушунтиришмоқда. Улар рус авангард санъатининг дунёдаги энг катта иккинчи коллекциясини бошқара оладиган халқаро тоифадаги мутахассисни излашаётган экан. Эртаси куни, қўрқинчли бир соатда уйғониб, Ўзбекистоннинг шимолида жойлашган Нукусга, "тақиқланган санъат асарлари музейи"ни кўриш учун учиб келдим. Йўлда мен ҳатто бундай "ёқимсиз шаҳар"га ҳар ким ҳам кела олмаслиги мумкинлигидан шодланаман".

Мақолада музей билан бирга Орол муаммоси ва Оролбўйидаги манзарага муносабат ҳам билдирилган:

"Қачонлардир, совет давридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва кимёвий моддалар синови сабаб қуриб қолган Орол денгизининг ачинарли аҳволини кўрасиз. Барча балиқлар ўлик. Қуриган денгиз туби ва ойнинг юзасига ўхшаш занглаган қайиқлари билан даҳшатли, шу билан бирга фотога олса арзигулик ландшафт юзага келган. Бу воҳада токсик чанг туфайли чақалоқлар ўлими ва саратон касаллиги энг юқори кўрсаткичларда", – дейилади мақолада.

Муаллиф музейга Маданият вазирлиги томонидан санъат асарларини ўрганиш учун чақиртирилганини урғулайди. Унинг айтишича, Нукус балки қачонлардир саёҳат қилган жойларига яқин бўлиши мумкин, лекин бу шаҳар айнан шу Савицкий коллекцияси жойлашган санъат музейи сабаб мамлакатнинг диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади.

Мақолада келтирилган сурат. Орол тасвири.

Кимдир музейни Тошкентга кўчириш таклифини берди, сабабини англагандекман. Бироқ Нукус саҳроларидан марварид шаҳар бўлмиш Хивага қараб йўлга чиқар эканмиз, исломий қалъалар қолдиқларини ва чиройли қадимий иншоотларни кўриб, Савицкийни нега айнан бу жойда сақланганини тушуниш мумкин эди. Мени нафақат буюк рассомлар иши, балки Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва кулолчилик соҳаси ҳам қизиқтириб қолди. Аёллар сўзана деб номланган гиламларни ўзларининг чакмонларининг бир қисмига айлантирадилар ва унда унумдорлик тимсолларини акс эттирадилар: қип-қизариб пишган анорлар, қушлар, шохлар ҳамда аёлларнинг махфий истаклари. Музей ўзининг ғаройиблиги билан хотирамдан жой олди, кўпгина кичик ҳужраларда санъат асарларининг совға сифатида сотувга қўйилгани ҳам яхши тажрибалардан бири деб билдим. Музейда қачонлардир шу санъат асарларини яратган ва санъати қадрланишини кутиб оламдан ўтган санъаткорлар асарлари ва ниҳоят қадрланадиган бўлади. Назаримда тез орада у ерга ҳам одамларни жалб этиш бошланади ва музейга янги ҳаёт бахш этилади. Балки бундай ажойиб музей Абу Даби ёки Вегасда янада қадрланган ва шуҳрат топган бўлармиди? Албатта ҳар қандай санъат асарини маданий сармоялаш керак ва шу орқалигина улар катта фойда келтириши мумкин", – дея хулоса қилади муаллиф.

Муаллиф одамлар бундай жойларга саёҳат қилишининг ягона сабабини музейнинг "фавқулодда туристик" жой экани билан изоҳлайди.

Сталин режими тақиқлаган музей

Нукус шаҳридаги санъат музейига рассом ва санъатшунос Игор Савицкий асос солган. У 20-асрнинг ўрталарида ушбу шаҳарга кўчиб ўтади. Савицкий Совет иттифоқида тақиқланган рус авангарди оқимига мансуб юзлаб санъат асарларини Нукусда жамлашга муваффақ бўлган. Дастлаб у археология ёдгорликлари билан шуғулланган. Археология ёдгорликларини коллекция қилиш баробарида 1920–1930-йилларнинг авангард ва поставангард санъатини тўплай бошлайди. Нукусдаги бу рангтасвир ва графика асарлари тўплами ўз ҳажми ва аҳамияти жиҳатидан Давлат рус музейи тўпламидан сўнг жаҳонда иккинчиси ҳисобланади.

Савицкий галереясида 20-аср рус авангардини тамсил қилувчи ноёб асарлар, жумладан, Соколов, Комаровский каби рассомлар қаламига мансуб картиналар сақланади. Таниқли рассом ва санъатшунос Игор Савицкий Қорақалпоқ давлат санъат музейи раҳбари сифатида совет режими томонидан таъқиб қилинган ва тақиқланган рассомларга мансуб асарларни сотиб олиб яратган галереяга кейинчалик унинг номи берилган.

Игор Савицкий 1950-йилларда.

Игор Савицкий 1915 йил 4 августда Киевда туғилган ва 1950 йилда Москвадан Қорақалпоғистонга кўчиб ўтган. Савицкий 1966 йилнинг 5 февралида Нукусда Қорақалпоқ давлат cанъат музейига асос солган ҳамда унинг биринчи раҳбари этиб тайинланган. Савицкий коллекцияси рус ва Туркистон авангард тасвирий санъатининг иккинчи энг йирик коллекцияси ҳисобланади.

Владимир Лисенко ишлаган асар.

Савицкий галереяси Туркистон авангарди намуналари сақланадиган дунёдаги етакчи музейлардан бири сифатида ҳам эътироф этилади. Бугунги кунда музейда 99695 та экспонат сақланмоқда.

Ўзбекистондаги Uzinfocom маркази ўтган йили ўтказган сўров натижаларига кўра Игор Савицкий номидаги санъат музейи «Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири» дея эътироф қилинган эди.

Музей бошидаги талофатлар

Савицкий номидаги музей кўп нохуш воқеаларни бошидан ўтказган.

Ҳар бир музей ëки миллиардер ўз коллекциясида Айвазовский асари бўлишини орзу қилади. Савицкий музейидаги Айвазовскийга оид «Даштда кун ботиши» асари 2001 йилда ўғирлаб кетилган эди.

Буюк рассом Александр Шевченконинг (1883-1948) 1914 йилда яратган "Челак кўтарган аëл" асари вайрон бўлган. Асар камида 60 фоиз зарар кўрган. Музей ходимларининг ўзлари асарнинг 80 фоизи вайрон қилинган дейишди. Бутун картина улкан доғлар билан қопланган ва мойбўëқ қатламига шикаст етган, асар «тиклаб бўлмас ҳолга келган».

Бу асар Туркистон авангарди йўналишининг "Мона Лиза"си деб танилган ва унинг бозор нархи бир неча миллион долларгача бориши мумкин.

Игор Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида рассом Ганнинг “Дам олишда”, Кашинанинг “Овулда”, Сафроновнинг “Кўк тасмали шляпа кийган аёл портрети”, Турусовнинг “Узумзор” ва Караханнинг “Лола терган аёллар” асарлари ўрнига уларнинг инвентар рақамлари ва номлари остида чизиш техникаси, ўлчамлари, материаллари, сюжети ва муаллифлик ёзувига кўра аслига мутлақо тўғри бўлмаган картиналар сақлангани айтилади.

Ozodlik.org олиб борган суриштирувига таяниб, йиллар давомида музейдан 581 миллион 625 минг сўмлик 5 та картина йўқолгани ҳақида хабар беради.

2017 йилнинг апрелида Игор Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида Нукус музейига йиғилган йирик санъат асарлари тўплами Россияда илк марта намойиш қилинган.

Нидерландияда жойлашган Нукусдаги музей дўстлари хайрия жамғармаси (Friends of Nucus Museum, FoNM) 2018 йил охирида тарқатиб юборилди ва музей ёрдам кўрсатиб келган жамғармадан айрилди.

Тавсия ўрнида

Савицкий музейи ҳақида бирор мақола ўқимоқчи бўлсангиз, ўзбек ОАВда бирор жиддий материал топа олмайсиз, "Google"дан инглиз тилида изланг – дунёнинг етакчи нашрлари бу музей тақдирига қай даражада қизиққанини кўрасиз. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” дегани шу бўлса керак.

ББС хизмати томонидан тайёрланган ушбу видеолавҳада музей ҳақида батафсил маълумот берилади:

https://www.youtube.com/watch?v=IgFwDgj0sj8&t=4s