Сўнгги бир йилда шошилинч тиббий ёрдамда ишлайдиган шифокорларга 40 дан зиёд ҳужум бўлган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев маълум қилди.

Муҳаммадиевнинг айтишича, аксарият ҳолларда тез ёрдамга борган шифокорларга ҳужум қилганлар жазосиз қолиб кетмоқда.

"Жумладан, Сурхондарёда бир шифокорни беморнинг онаси урган. Хоразмда беморнинг отаси маст ҳолда урган. Ҳар икки ҳолат бўйича тегишли органларга хабар берилган бўлса-да, ҳозирча чора кўрилгани йўқ. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин", – деган Руслан Муҳаммадиев.

Юристнинг айтишича, ички ишлар, прокуратура ёки суд ходимига нисбатан бундай тажовузлар кам кузатилади. Чунки фуқаролар буларга ташлангани учун "оёғини ерга теккизмай олиб бориб қамаб қўйишлари мумкин"лигини билади.

"Улар каби жамият ва халққа хизмат қилаётган тиббиёт ходимига тажовуз қилганлик учун кўзда тутилган жазолар эса бирмунча либерал. Оқибатда ҳеч бир айби бўлмаган тиббиёт ходимининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган зарар етказган шахслар ҳам айрим ҳолларда ҳеч қандай жазосиз қолиб кетаётганини аччиқ алам билан қайд этиб ўтмасдан иложимиз йўқ", – деган Муҳаммадиев.

Уйига тез тиббий ёрдам чақириб, кейин келган шифокорларни дўппослаш ҳолати охирги пайтда кескин ортган. Жумладан:

  • 2019 йил 16 январда Навоий вилояти Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасида навбатчи терапевтга бир фуқаро 4 ойлик фарзандини кўрсатиш учун навбатсиз кириб келган. Шифокор ҳомиладор аёлни тиббий кўрикдан ўтказаётган бўлишига қарамай, боласини кўришини айтган. Фуқаро ҳақоратли сўзлар билан пўписа қилиб, шифокорга таҳдид қилган ва ҳатто урмоқчи бўлган. Терапевт педиатр шифокор эмаслигини тушунтиришига қарамай, фуқаро жанжал қилган ва боласини шифокорларга кўрсатмасдан уйига олиб кетган.
  • 25 январ куни Андижонда ярим кечаси уч киши ЙТҲга учраган. Улардан иккитаси республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига борган. Маст ҳолдаги беморлар шифохона рентгенологини дўппослаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорга тажовуз қилганларга қарши жазо чораларини кучайтириш кераклигини бир неча бор айтган. Май ойида қонунчиликка шифокорга тажовуз қилиш ёки жароҳат етказиш каби қилмишлар Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан квалификация қилиниши ҳақида норма киритилган, лекин у ноябрдан кучга киради.