Бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартиш киритиб, рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқди. Таклиф расман ўзбек ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган, лекин Ўзбекистонда Россия манфаатларини тарғиб қилиб келадиган Вести.уз сайтида эълон қилинган.

Таклиф муаллифлари профессор Юсуф Абдуллаев, журналист Муяссар Максудова ва юрист Сайёра Ходжаеванинг фикрича, Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом бериш керак, чунки:

  • рус тили орқали ўзбек миллати нафақат буюк рус маданияти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан танишди;
  • ўзбек олимлари ва адиблари рус тили орқали дунёга танитилди ҳамда дунёни таниди;
  • миллионлаб ўзбеклар рус тилини билмагани учун Россияда ишлаётганда қийналмоқда;
  • ота-оналар боласини рус тилидаги мактабларга бергиси келади;
  • кирилл алифбосидан воз кечилиши оқибатида ўзбек ёшлари чаласавод бўлиб қолди;
  • рус тили КХШТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро ташкилотларнинг расмий тили ҳисобланади.
Масала тарихи: Михаил Горбачёв бошлаб берган ошкоралик сиёсати туфайли совет республикалари ўз давлат тилларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлди.
Давлат тили ҳақидаги қонун Марказий Осиёда энг оҳирги, Тожикистон (1989 йил 22 июль), Қозоғистон (1989 йил 22 сентябрь) ва Қирғизистондан (1989 йил 22 сентябрь) сўнг 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Олий Совети томонидан ҳам қабул қилинди.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун матбуотда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик зиёлилар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини қўллаб-қувватладилар.
Баъзи зиёлилар рус тилига ҳам давлат тили ёки расмий тил мақомини беришга, ҳеч бўлмаса қонунга рус тилининг миллатлараро мулоқот тили бўлишини қўшишга уриндилар. Лекин қонунда рус тилига давлат ёки расмий тил мақоми берилмади.
Шунга қарамай унинг 1-моддасида Ўзбекистон ҳудудида рус тилини СССР халқларининг миллатлараро муомала тили сифатида ривожлантириш ва ундан эркин фойдаланиш таъминланиши айтилган. Қонунда "миллий ва рус, рус ва миллий тилларда мулоқот қилишни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилади" деб белгилаб қўйилган. 1995 йил 21 декабрда давлат тили ҳақидаги қонунга ўзгартиш киритилиб, бу банд олиб ташланган.

Қозоғистон ва Қирғизистонда миллий тилларга давлат тили мақоми, рус тилига расмий тил мақоми берилди (ҳозир ҳам амал қилади).

Рус тилига "расмий тил" мақомини бериш нимани англатади: давлат тили термини ва тушунчаси талқинида бир хиллик йўқ. Унга аксарият ҳолатларда расмий тил тушунчаси билан муштарак, баъзан эса маънодош тушунча сифатида қаралади.

Давлат тили билан расмий тил кўпинча бир-биридан фарқланмайди. Расмий тил – давлатнинг қонунчилик ва расмий иш юритишида, суд процессида, таълим ва шу кабиларда қўлланадиган тилидир. Кўплаб мамлакатларда (жумладан, Россияда ҳам) "расмий тил" ва "давлат тили" тушунчалари тўлиқ мос келади. Фақат айрим мамлакатлардагина расмий тил ва давлат тили мақоми фарқланади.
Давлат тили ҳақидаги қонунда ўзбек тилини ўрганиш мажбурияти ёки рағбатлари тўғрисида банд мавжуд эмас. Қонунга мувофиқ фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар. Қонунда Ўзбекистон фуқаролари давлат тилини билиши, ўрганиши шарт дейилмаган. Шунингдек, бирон давлат идорасига ишга кириш ёки расмий тайинловларда давлат тилини билиш шарти қўйилмаган.
Яъни, бу таклиф билан фаоллар ўзи шундоқ ҳам бошқарувда ва расмий муомалада урф бўлган рус тилини расмийлаштирмоқчи, холос.

Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган Vesti.uz, Podrobno.uz, Nuz.uz ва Sputnik Uzbekistan каби нашрлар сўнгги бир неча йилдан бери Россиянинг мафкураси ва манфаатларини очиқчасига тарғиб қилиб келаяпти. Хусусан, бу ОАВ 9 майда нишонланадиган Хотира ва қадрлаш куни арафасида ҳар йили "Ўлмас полк", "Георгий тасмаси" каби акция ва юришлар ўтказиш ҳақида луқма ташлаб келади.

Рус тили борасидаги фаолларнинг бу таклифи ҳам ўзига ҳос "разведка боем" бўлмоқда.

Minbar ўзбек тилининг тақдирига оид конструктив фикр-мулоҳазаларини билдирмоқчи бўлган юртдошларимизга минбар бўлишга тайёр.