Ўрта асрларда Европада тарқалиб, миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган ўлатнинг асил тарихий ватани шарқда, Марказий Осиёда бўлган. Ўлатни очиқ яйловларда қазилган чуқур уяларда яшовчи кемирувчилар тарқатган. Бургалар одамни чаққанда касаллик одамга ўтган. 5 минг йил аввалги, бронза даврига доир одам суякларидан ўлатга сабаб бўлган бактериялар белгилари топилган.

Совет иттифоқи атиги бир неча ўн йилда бу касалликни бутунлай тугатиш ҳақида ўйлаган. Беш йиллик режалар даврида ўн минглаб одамлар кемирувчиларни заҳарлаш, уларнинг емиши бўлган ўтларни куйдириш ишларига жалб қилинган. Расмий маълумотларда бу тадбирлар самара бергани айтилади.

Советларнинг ўлатга қарши кураш тизими Россия империяси давридаёқ шаклланган эди. У вақтларда ўлат катта фожиага сабаб бўлмаган эса-да, тез-тез тарқалиб, босилиб турган.

Совет давридаги ўлатга қарши кураш тадбирлари ҳақида “Россия ва Совет иттифоқида аксилўлат амалиётлари ва амалиётчилари ҳақида қизиқарли очерклар” номли норасмий, 12 томли китобда ҳикоя қилинган. Бу китобларда, шунингдек, советлар замонида сиёсий айбловлар билан йўқ қилинган олимлар ҳақидаги маълумотлар ҳам берилган. Китоб муҳаррири ва тузувчиси Моисей Левининг ўзи аксилўлат тадбирларида қатнашган олим бўлган. Иттифоқ қулагач, ўша тадбирлар ҳақидаги маълумотларни тўплаб нашр қилган.

Китобда Совет иттифоқи ўлатга қарши муваффақиятлари ҳақида дунёга айтиб келган маълумотлардан бошқача ҳолатлар ҳикоя қилинган.

Ўлатга қарши тизимли кураш Марказий Осиё ва Кавказнинг иқтисодий салоҳиятини яхшилаш ишлари доирасида ўтган асрнинг 30-йилларида бошланган. Ўлатдан бутунлай халос бўлишнинг йўли уни ташувчи кемирувчиларни йўқ қилиш деган хулосага келинган. Кемирувчиларга қарши рух фосфит, қора цианид, барий фториацетат билан аралаштирилган буғдойдан фойдаланилган. Ўн минглаб одамлар, асосан аёллар, болалар, ишсизлар кемирувчилар инларига заҳар қўйишга жалб қилинади.

Советлар нафақат кемирувчилар, бургаларга ҳам қарши уруш очади. Кемирувчига қарши заҳарга инсектицидларни ҳам аралаштиришади. Катта майдонларга учоқлардан ДДТ сепилади. Сўнг ўтлар ёқилиб, уяларни йўқотиш учун майдон ағдариб ташланади.

1960 йили совет олимлари ўлат мамлакат ҳудудида 1928 йилдан буён кузатилмагани ҳақида эълон қилишади. Аммо бу қоғоздагина тўғри эди. Аслида эса касаллик билан кураш хамон давом этаётганди. Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида ўлат тарқалганда қозоқ олимлари бу ҳақда бор ҳақиқатни тан олмаётган ўзбек ҳамкасбларини огоҳлантиришади. Ўша вақтда муваффақиятсизликни тан олишдан қўрқишган. Бу ёқда кураш давом этса-да, бу очиқ айтилмаган. Ҳаммаси жойида қабилида ҳисоботлар берилган.

1939 йили Москвада, 1945 йили Жанубий Волга-Урал минтақаси ва Марказий Осиёда, 1947-1948 йиллари Астраханда, 1949 йили Туркманистонда, 1953, 1955, 1958 йиллари Марказий Осиёда, 1972 йили Қалмоғистонда, 1975 йили Доғистонда, 1979 йили яна Қалмоғистонда, 1980 йили Каспий атрофларида, 1981 йили Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўлат кузатилган.

Аксилўлат тадбирлари ҳудуднинг жуда катталиги боис етарлича самара бермаган.

Аммо кўп миқдорда кемирувчиларнинг қириб юборилиши экологик инқирозга сабаб бўлиши мумкин эди. Чунки кемирувчилар билан озиқланувчи, уларнинг уясидан фойдаланувчи бошқа ҳайвонлар ҳам бу тадбирлар сабабли қирилиб кетиши мумкин эди. Лекин бу даражага бормади. Кемирувчилар бир муддат йўқолиб, яна кўпайди.

1960-йилларга келиб реаллик билан ҳиоблашишга мажбур бўлинди, кураш усуллари ўзгарди. Касалликни бутунлай йўқотишдан кўра унинг таралиб кетмаслиги учун чоралар кўрилди. Ҳайвонлар тизимли тарзда кузатила бошланди. Қаерда касаллик аломати сезилса, бор эътибор ўша томонга қаратилди. Одамлар касал кемирувчилардан узоқроқ юришга ўрганишди. Касаллар карантинга олинди, антибиотиклар билан даволанди. Касаллик юқиши эҳтимоли катта бўлган одамлар учун вакциналар яратилди. Марказий Осиё халқлари ўлат хавфи билан яшашни ўрганишди.