"Туркманфильм" директори актёр Анна Мелаевга соқол ва мўйлов қўйишга рухсат берди. Ёзма рухсат ҳукумат фуқаролар соқол-мўйлов қўйиш-қўймаслигини қай даражада назоратга олганини кўрсатади.

ТВ раҳбари актёрга рухсат берилишини у президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг "Туркманистон – Буюк ипак йўли юраги" номли китоби асосида тарихий фильмни суратга олишда иштирок этаётгани билан изоҳлаган.

"Фильмда тарихий саҳналар мавжуд. Шунинг учун бош роль ижрочиси Анна Мелаевга суратга олиш ишлари давомида соқол ва мўйлов қўйишга рухсат этилади", – дейилган ҳужжатда.

Мамлакатда ҳукумат аҳолининг соқол қўйиш-қўймаслигини қаттиқ назоратга олган. Айниқса, диний экстремизмда айбланиш хавфи бўлган ёшлар ва ўрта ёшлиларга соқол қўйиш тақиқланган. Кексаларга бу тақиқ жорий этилмаган.

Соқол қўйиш масаласи гоҳ-гоҳида Ўзбекистонда ҳам кўтарилиб туради. Масалан, ўтган йили адлия вазири Русланбек Давлетов АҚШда бу бўйича алоҳида чиқиш қилган:

"Соқол қўйиш фуқаронинг ўз ҳуқуқи. Хоҳласа соқол қўяди, хоҳламаса қўймайди. Бу қонунчилик билан тақиқланмаган. Лекин бир нарсани эътиборга олинг, у ёки бу ташкилот, масалан лаборатория, суд-экспертиза ташкилотларида дресс-код чеклови қўйилиши мумкин. У ерга соқол билан бориб ишлай олмайсиз. Бу соғлиқ-саломатлик, касбнинг ўзига хослиги билан боғлиқ чеклов бўлиши мумкин".

Шунингдек, ўзбек телевидениесида ҳам соқолга норасмий "запрет" бор. Буни ҳатто колумнист Никита Макаренко мутойиба ҳам қилганди:

"Шундай тақиқ қўйиб тўғри қилишади, чунки икки кундан бери соқол билан юрарканман, қўлларим ўз-ўзидан Сурияга чипта сотиб олмоқчи бўлаяпти".

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси раҳбари Одилбек Абдуқаҳҳоров эса хонандаларнинг юзаки соқол қўйишини танқид остига олиб, уларни риёкорликда айблаганди:

"Биринчи кўпчиликка одат бўлаётган соқол қўйиш масаласига келсак. Майли, рамазон кунлари соқол олишмаса, тушунарли. Аммо бу гап соқолни ўзига имиж қилиб олганларга қаратилган. Ахир соқолнинг ҳам ўзига яраша ҳурмати бор, соқол қўйган инсон шунга муносиб бўлиши керак эмасми? Кечирасиз, соқол қўйиб, йиртиқ шим кийиб юришни қандай тушуниш мумкин? Бу ғарбга тақлид-ку. Биз авввало ўзбекмиз — миллатимизга хос одатларни қилишимиз керак. Халқимиз сизлар ўйлагандан анча ақлли, улар сизнинг соқолингизга эмас, санъатингизга баҳо беради. Айримлар интернетга юзи қолиб соқолининг суратини жойлаштирмоқда. Албатта, соқол динимизда суннат қилинган, уламоларимиз соқол қўйишади. Лекин соқол қўйгандан кейин динимизнинг бошқа талабларига ҳам жавоб бериш керак. Соқол билан масжидга бориб намоз ўқиётганини суратга тушириб, ҳаммага тарқатгани бир "показуха". Эртасига худди шу соқол билан дискотекага бориб қилаётган ишларини биз кўрмаяпмизми? Илтимос, буни тўғри тушунинглар, ёшлар сизлардан ўрнак олаяпти".