Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти Facebook, Telegram, Instagram каби ижтимоий тармоқлардаги реклама орқали пул топаётган блогерларни тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, даромад солиғини тўлашга чақирди. Бу ҳақда 12 июнда солиқлар соҳасидаги ўзгаришларга бағишланган брифингда айтилган.

Ижтимоий тармоқларда эълонларини жойлаштириш орқали даромад олиш ва бундан солиқ тўланиши шарт ёки шарт эмаслиги ҳақида савол берилди.

«Даромад олишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият тадбиркорлик ҳисобланади, – деган Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати вакили Музаффар Юсуф Назаров. – Қандай йўл билан даромад топишингизнинг аҳамияти йўқ. Давлат рўйхатидан ўтишингиз шарт. Агар сиз даромад топиш билан шуғулланаётган бўлсангиз, албатта ё якка тартибдаги тадбиркор сифатида, ё юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлишингиз керак».

Қўмита вакиллари блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари, шахсий саҳифаларига реклама жойлаши ва шу йўл билан солиқ тўламасдан даромад олишини «ноқонуний фаолият» деб атаган.

«Тўғри, қонунда блогерлик деган тушунча йўқ. Блогерлик фаолият тури эмас, бунга қонунчиликда таъриф берилмаган, – деди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов. – Лекин сиз кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатаяпсиз-ку. Бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади. Ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор».

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов ижтимоий тармоққа реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини айтган. Агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техникаси (телефон, ноутбук, планшет, компютери) олиб қўйилиш мумкин.

«Агар кимда-ким ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, биз ундан тадбиркорликни қандай восита орқали амалга ошираётган бўлса, ўша воситасини, жиҳозини олиб қўйишга ҳаққимиз бор, – деди Айдос Қошанов. – Бу қонун доирасида кафолатланган. Олиб қўйилган жиҳоз 30 кунгача ушлаб турилиши мумкин. Агар ўша шахс ёки блогер 30 кун ичида президентнинг 4848-фармони асосида давлат рўйхатидан ўтса, олиб қўйилган жиҳозлари қайтариб берилади».

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида электрон тижорат соҳасида солиқлар жорий этилиши кўзда тутилган.