Хусусий бизнес стоматология ва пластик жарроҳлик билан кифояланмасдан, бошқа тиб соҳаларга ҳам кириб бориши учун замин яратилмоқда. Президентнинг қарори билан соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) жорий этишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилмоқда.

ДХШ тиббиёт соҳасига кириб келиши нега муҳим: давлат бир ўзи эплолмаётган аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасига хусусий бизнеснинг кириб келиши давлатга муайян енгиллик беради ва озод этилаётган тақчил ресурсларни бошқа муҳимроқ лойиҳаларга йўналтириш имконини яратади.

Тиббиётга ДХШнинг жорий этилиши шифохоналарни қуриш, техник жиҳозлаш, диагностика ёки тозалаш, овқатланиш каби хизматларни кўрсатишга молияни жалб этишга ёрдам беради.

Хусусий бизнеснинг пулини давлат имкониятлари билан бирлаштирадиган давлат-хусусий шериклиги ўзбек тиббиётини тубдан янгилашда муҳим ўрин тутиши мумкин, агар "ҳар доимгидек" жорий этилмаса.

Ҳужжатда айтилишича, соғлиқни сақлаш соҳасида ДХШ лойиҳалари:

  • соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шаклида бўлиши белгиланди.

Хусусий шерик тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокара ўтказиш орқали танлаб олинади, ДХШ битимининг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак.

ДХШ лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар қурган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлатга топширилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритадиган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар берилади.

Имтиёзли кредитлаш тижорат банклари томонидан:

  • фақатгина импорт қилинадиган замонавий тиббий ускуналар ва инвентарларни сотиб олиш учун – чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1 фоиз миқдорида;
  • инвестор томонидан киритиладиган инвестициялар умумий ҳажмининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорда хусусий, шу жумладан, хорижий инвестиция киритиш шарти билан амалга оширилади.