Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев 26 август куни вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати йиғилишида “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши фан ўқитувчиси” танловларини эълон қилган. Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, танлов ғолибларига енгил автомошина совға қилинади.

Ғофуржон Мирзаев “ушбу масала ҳақиқатда жиддийлиги таъкидланиб, бундан буён мактаб иши ҳар бир раҳбар учун виждон иши бўлиши шартлиги таъкидлаган”.

“Чунки биз, муҳтарам Президентимиз айтганидек, кўп йиллар мактабдан анча узоқда бўлдик. Энди бу ўта муҳим долзарб масалани ҳар биримиз ўз иш фаолиятимизнинг асосий ўлчов бирлиги деб қарашимиз керак” – деб айтган вилоят ҳокими.

Йиғилишда Сирдарё вилоятидаги мактабларнинг таълим-тарбия салоҳиятини кўтариш, фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги янгича ёндошувлар бўйича топшириқлар берилган, ҳафтанинг ҳар жума куни “Мактаб куни” деб белгиланган, ҳар бир мактабнинг энг аълочи 10 нафар ўқувчисига планшет, компъютер совға қилишга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 23 август куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида таълим тизими, ўқитувчи ва мураббийларнинг обрўсини оширишга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтган, унда давлат раҳбари вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини таълим соҳасини ривожлантириш, ўз ҳудудидаги мактабларнинг шароитини яхшилаш, ўқитувчиларнинг нуфузини оширишга чақирганди.

“Қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўзининг фалон сонли мактабини ёки фанлар бўйича бирор бир ўқитувчисини намуна қилиб, ғурур билан мақтана олади. Минг афсуски йўқ. Чунки ҳали ҳокимлар мактаб ва бола тарбияси масаласи билан, тўғрисини айтадиган бўлсак, умуман шуғулланаётгани йўқ. Бугун чет элдан қанча-қанча инвестиция олиб келяпмиз. Қанча-қанча янги корхоналар қуряпмиз. “Ақлли шаҳарлар”, “Ақлли уйлар” қуриш режасини тузяпмиз. Атом электр станцияси барпо этишни бошладик. Буларнинг ҳаммасида ишлаш учун юксак билимли, хорижий тилларни, замонавий технологияларни чуқур эгаллаган ёшлар керак. Агар мактабларимиз аҳволи шундай бўлса, қаердан топамиз бундай кадрларни?” деб айтганди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, мактаб ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Бу – аксиома. Буни инкор қилиб бўлмайди. Президент жойларда мактабларнинг қурилиши, ўқув йилига тайёргарлик учун ҳокимлар ва сектор раҳбарлари шахсан масъул экани, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бу масалага етарли эътибор қаратмаётганини кескин танқид қилганди.