Ижтимоий медиада сохта аккаунт очган, ботлар орқали ёлғон хабарлар тарқатган сингапурликлар $733 минг жаримага тортилади ёки 10 йилгача қамалиши мумкин. Сингапур парламенти ҳукуматга онлайн платформалар ва ҳатто чат гуруҳларда ёзиладиган хабарларни ҳам тартибга солиш ҳуқуқини берувчи баҳсли қонунни қабул қилди.

Ушбу қонунга кўра, ҳукумат жамият манфаатига зид ёлғон хабар деб ҳисобласа, исталган маълумотни интернет сайтлари, ижтимоий медиадан олиб ташлашни талаб қилиши мумкин.

Қонун тарафдорларининг фикрича, бу қонун фуқароларни ёлғон хабарлар таъсиридан ҳимоя қилади. Танқидчиларнинг фикрича эса бу қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинлигига жиддий рахна солиши мумкин.

Ҳукуматнинг ишонтиришича, бу қонун фикрларни эмас, зарарлилиги асосланган ёлғонни нишонга олади.

Бу қонун нималарни қамраб олади?

Бу қонун ҳукумат ёлғон ва жамият манфаатига зарар беради деб ҳисоблаган ҳар қандай маълумотни тарқатишни тақиқлайди. Сингапур ҳудудида кимдир шу ишни қилгани исботланса, катта жарима тўлаши ёки беш йилгача қамалиши мумкин.

Қонун барча онлайн платформаларни, ижтимоий медиадан тортиб хабар сайтларигача қамраб олади.

Қонун шахсий ёзишмаларни ҳам тартибга соладими?

Бу қонуннинг энг баҳcли жиҳати унинг ёпиқ шахсий ёзишмалар, чат гуруҳлари, ижтимоий медиа гуруҳлари, икки томонлама шифрланувчи ёзишмаларга ҳам дахл қилишидир. Бу WhatsApp ва "Telegram"га ҳам тааллуқлидир.

“Ёпиқ платформалар, чат гуруҳлари, ижтимоий медиа гуруҳлари очиқ платформалар каби жамият учун хабар ташийди”, – деган Сингапур адлия вазири Эдвинг Тонг.

Ҳукумат расмийлар қонун шахсий, ёпиқ чатларга қандай татбиқ қилиниши, қандай ижро этилиши ҳақида маълумот беришмаган.

Қонунга муносабат қандай бўлди?

Ушбу қонун лойиҳаси ўтган ойда эълон қилингандаёқ жиддий танқидларга нишон бўлган, унинг сўз эркинлигига рахна солиши ҳақида хавотирлар билдирилган.

Ҳюман райтс вотчнинг вакили Фил Робертсон Сингапурнинг бу қадамини “яққол ақлсизлик” деб атаган.

Сингапур фуқаро эркинликлари фаоли Кирстен Ҳан бошқа давлатлар ҳам Сингапурдан ўрнак олиб, онлайн платформалардаги маълумотларга ўз билганича мажбурий “коррекция” киритишни бошлашлари мумкинлигини айтган эди.

Амнести интернешнл бу қонун “Сингапур расмийларига ўзларига ёқмаган қарашларни йўқотиш учун бетизгин ҳуқуқ бериши”ни айтган.

Танқидларда айтилган энг асосий айблов – қонуннинг аниқмаслиги, умумий маънолилиги, ҳукумат вакилларига нима росту нима ёлғонлигини ҳал қилишда катта ҳуқуқ берилганидир. Халқаро юристлар комиссияси баёнотида бу қонунда “ёлғон хабар” ва “жамият манфаати” тушунчаларига аниқ таъриф берилмагани билдирилган.

Сингапур ҳукумати эса жамиятда ирқий ва диний уйғунликни сақлаш, шиддат билан тарқалувчи ёлғон хабарларга қарши курашиш учун қатъий қонунлар кераклигини айтади.

Сингапур ёлғон хабарлар ва нафрат тарқатишга қарши қаттиқ қонунлар қабул қилган давлатларРоссия, Франция ва Германия сафига қўшилди.

Сингапур Жаҳон эркин матбуот индексида 180 давлат орасида 151-ўринни эгаллаган.