Сингапур компаниялари Ўзбекистон таълим тизимига сармоя киритишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда ХТВ ахборот хизмати. Хабарда қайд этилишича, Сингапурнинг Kinder World International Group компанияси Тошкент шаҳрида халқаро мактаб қуришни режалаштирмоқда, Pegasus Education Group Pte. Ltd. компанияси эса Singapore Education Metropolis таълим шаҳарчасини яратиш ниятида.

Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Сингапурнинг Kinder World International Group компанияси ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида пойтахтимизда мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактабини ўз ичига олган халқаро мактаб ташкил этилади. Лойиҳа доирасида Тошкентда 5 гектар ер майдони ажратилади ва унда 2 000 нафар ўқувчига мўлжалланган ўқув маскани бунёд этилади.

Меморандум доирасида узлуксиз таълим таклиф этадиган Singapore Education Metropolis таълим шаҳри яратилади. Шаҳар 50 гектар майдонда бунёд этилади. Мазкур лойиҳалар доирасида ўқув муассасаларида Сингапур таълим тизимини фаол жорий этилиши назарда тутилади.