«Ўзгидромет» келаси ҳафтада об-ҳаво қандай бўлиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

«Июлнинг иккинчи ўнкунлигидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида жазирама кузатилмоқда. Шу кунларда ҳаво ҳарорати 39-42 даражага, шимол, жануб ва чўлларда эса 44-45 даражагача кўтарилди. Республиканинг баъзи туманларида шу кунлари уларга хос тарихий рекордлар ҳам янгиланди», – деган синоптиклар.

«Ўзгидромет»нинг маълум қилишича, бутун ҳафта давомида мамлакатда тинкани қуритадиган жазирама сақланиб қолади. Ҳаво ҳарорати кундузлари 40-43 даражагача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида 44-45 даражагача етади, бу кўп йиллик ўртача ҳароратдан 5-7 даража ортиқдир.

«Ҳозирданоқ бу йилги июл Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар олиб борилаётганидан бери энг иссиғи бўлиши ойдинлашди. Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида гармсел бўлиши эҳтимоли бор», – дейишди «Ўзгидромет» мутахассислари.

Шунингдек, ҳаво ҳароратининг ошиши туфайли Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудидаги музликлар эриб, республиканинг тоғли ва тоғолди туманларида сел келиши мумкин.