Шотландия ўзига керагидан икки баробар кўп шамол энергиясини ишлаб чиқарди. Ортиқча электр энергиясини Буюк Британиянинг бошқа ҳудудларига йўналтириш режалаштирилаяпти. Бу бутун мамлакатда декарбонизация режаси тезроқ амалга ошиши, мамлакат муқобил энергия турларидан фойдаланишга муддатдан аввал ўтишига ёрдам беради.

Шотландия – шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича дунёдаги энг илғор давлатлардан бири.

Engadget маълумот беришича, январ-июн ойларида маҳаллий шамол электр станциялари 9,8 млн МВт*соатдан кўпроқ электр энергиясини ишлаб чиқарган. Бу 4,47 млн.та уйнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш учун етарли, ҳолбуки Шотландиядаги уйлар сони бундан икки баробар кам.

Шотландия ҳукумати 2050 йилга бориб қазиб олинадиган энергия манбаларидан воз кечишни режалаштирмоқда. Янги рақамлар ушбу минтақанинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга тезроқ ўтишга тайёрлигини кўрсатмоқда.

Бунинг устига Шотландия ортиқча электр энергиясини сотиши, масалан шимолий Англиянинг катта қисмига етказиб бериши мумкин. Бу бутун Буюк Британияга яқинда эълон қилган мақсадига тезроқ етиш имконини беради, мамлакат аср ўрталарига бориб углеродсиз иқтисодиётга ўтишни кўзлаяпти.

Албатта, Шотландия қулай географик жойлашуви ва рельефининг ўзига хослиги туфайли шундай натижага эришди. Кучли шамоллар ва бепоён қирғоқлар энергия ишлаб чиқаришни осонлаштиради. Бундан ташқари минтақа аҳолиси нисбатан кам.

Шунга қарамай шотланд тажрибаси тикланадиган энергия манбаларининг кўлами яқин-яқинларгача ҳам тасаввур қилиб бўлмаган даражада кенгайиши мумкинлигини кўрсатади.

Энергиядан самаралироқ фойдаланиш учун уни сақлаш тизимлари зарур. Шотландия аллақачон Буюк Британиядаги энг йирик аккумуляторни қуришни режалаштирмоқда, унда 214 та шамол двигателида ишлаб чиқарилган энергия сақланади.