Британия армиясининг эдинбурглик ҳарбий хизматчиси виртуал жангда шеригини отиб қўйгани учун ҳайфсан олган. Хабарларга кўра, ҳарбий хизматчи буйруқни бажармаганликда айбланган.

  • Жазо сифатида уни дам олиш кунлари Эдинбург (Шотландия) тоғ ёнбағридаги Редфорд казармасини қўриқлашга юборишган.
  • Айбланувчи аскар пиёдалар полкида хизмат қилади. Унинг хизматдошларидан бирининг журналистларга айтишича, аскарлар икки ҳафта мобайнида шаҳар кўчаларидаги жанг тактикаларини компьютер ўйинлари орқали ўрганиш мақсадида виртуал машқларда қатнашган.
  • Режа бўйича машғулот иштирокчилари душман ҳудудига зирҳли машиналарда кириши керак бўлган. Шу пайт аскарлардан бири хизматдошига қарата ўт очган, кейин ўз машинасини бошқа автомобиллар томонга йўналтирган. Қўмондонлик ушбу ҳолатда аскарларни профессионализм етишмаслигида айблаган.

The Mail on Sunday хабарига кўра, Британия армияси тарихида илк марта аскар реал ҳаётдаги эмас, виртуал дунёдаги ҳаракати учун жазоланган.

Буюк Британия мудофаа вазири вакилининг расман маълум қилишича, ҳарбий идорада виртуал жангга тайёргарликка жиддий қарашади. Шунинг учун машқларга халақит берувчи ҳар қандай одам интизомий жазога тортилади.

Вазирликнинг билдиришича, виртуал ўқув дастурлари қийин вазиятлардан чиқиш, тажрибалар ўтказиш ва янги техникани турли усулларда синаб кўришда асқотади.