Шимолий Кореяда оммавий қатллар ўтказиладиган 318 та жой аниқланди. Қатллар омманинг кўз ўнгида амалга оширилади.

Бу қатлгоҳларни аниқлаган «Transitional Justice Working Group» инсон ҳуқуқлари ташкилоти 10 йил давомида амалга оширилган қатлларни ҳужжатлаштирган, сўнгги йилларда Шимолий Кореядан қочиб ўтган 610 нафар қочқин билан суҳбат ўтказган.

Ташкилотнинг айтишича, айримлар шунчаки сигир ўғирлагани ёки Жанубий Корея теледастурини кўргани учун қатл қилинган.

Қатллар асосан дарё бўйлари, очиқ майдонлар, бозорлар, мактаб ва стадионларда ўтказилади, минглаб одамлар қатл жараёнини кўриш учун келади.

Ҳатто маҳкумнинг яқинлари, болаларини олиб келиб қатлни кўришга мажбурлашади. Мақтулнинг жасади камдан-кам ҳолларда яқинларига қайтарилади.

2000-йилларнинг бошларида лагерда сақланган қочқинлардан бирининг айтишича, 80 маҳбусни уч аёлнинг қатл этилишини мажбуран томоша қилишга олиб чиқишган. Бу аёллар Хитойга қочаётганда қўлган тушган ва ўлимга ҳукм қилинган.

Қочқинлар маҳкумлар асосан отиб ўлдирилишини айтишган. Одатда уч одам бир пайтда учта маҳкумни отади ва ҳар отувчи учтадан маҳкумни ўлдиради. Айрим маълумотларга кўра отувчилар баъзан маст ҳолатда бўлади. Одам ўлдириш эмоционал жиҳатдан оғирлиги сабабли уларга шароб ичиришади.

Баъзан одамлар дорга осилади. Аммо 2005 йилдан сўнг бу амалиёт деярли такрорланмаган.
Ҳисобот муаллифларидан Этан Шиннинг айтишича, оммавий қатллар кейинги пайтда камайган. Пхенян қатлларни яширинча амалга ошираётган бўлиши мумкин.

Шимолий Кореядаги қатллар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаш мушкул. Фақат бир-бирини танимайдиган қочқинларнинг ўзаро мос келувчи гувоҳликлари асос бўлади.

2013 йили Шимолий Кореянинг машҳур қўшиқчиларидан Хён Сон Вол бутун оркестр олдида қатл қилингани ҳақида хабарлар чиққан. Аммо 2014 йили у яна телеэкранларда пайдо бўлган, 2018 йили эса Шимолий Корея делегацияси таркибида Жанубий Кореяга келган.