Шимолий Корея 31 июл куни иккита қисқа масофали баллистик ракетани учирди.

Синов КХДРнинг шарқий соҳилидаги Хамгвон-Намдо вилоятига қарашли Ходо яриморолидан Япон денгизи йўналиши бўйича амалга оширилган. Ракета 250 километр масофани босиб ўтган.

КХДР ракеталар синовини "Вашингтон билан ҳарбий машқларни режалаштираётган Сеулга жиддий огоҳлантириш" деб атади.

Пхенян ҳар йили ўтказиладиган бу қўшма ҳарбий машқларга ўз қаршилигини доимо билдириб келган; КХДР уларни урушга тайёргарлик деб ҳисоблайди.

Жанубий Корея мудофаа вазирлиги ракетанинг техник хусусиятлари Россиянинг 9К720 "Искандер" ракетасига ўхшашлигини айтган.

Япония бош вазири Синдзо Абэ ракеталар Япония хавфсизлигига таҳдид солмаслигини айтган.

Шунга қарамасдан 1 август куни Бангкокда Жануби-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) форуми доирасида Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Япония бош вазири билан ракета синови масаласини муҳокама қилиши айтилмоқда.

Корея яриморолини ядросизлантириш борасидаги сўнгги янгиликлар

Ўтган йили Ким Чен Ин Шимолий Корея ядро синовларини тўхтатишини ва бошқа қитъалараро баллистик ракеталар учирмаслигини айтган эди.

Лекин ядро синовлари давом этаётганга ўхшайди. Пхенян шунингдек жиддий иқтисодий санкцияларга қарамай янги қурол ишлаб чиқиш қобилиятини сақлаб қолганини ҳам намойиш қилмоқда. Май ойида КХДР 2017 йилдан бери илк бор қисқа масофали баллистик ракетани синовдан ўтказган эди.

Шимолий Корея ўтган ҳафта янги сувости кемасини ҳам намойиш қилган эди. Жанубий Корея мутахассисларининг таъкидлашича, бу сувости кемаси учтагача баллистик ракетани ташиши мумкин.