Президент мактабларининг асосий вазифаларидан бири этиб янгича фикрлайдиган, миллатпарвар интеллектуал элитани шакллантириш белгиланган. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Kun.uz сайтига берган интервьюсида айтган.

"Президент мактабларининг асосий вазифаларидан бири – яхши билим бериш билан бирга, келажакда Ўзбекистонга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялаш ҳамдир", – дейди вазир.

Президент мактаблари нега муҳим ва олқишга сазовор ташаббус бўлди: жамият жадал ўзгараётган дунёга мослашиб, яшаб қолиши учун шунга яраша интеллектуал элитага эга бўлиши керак. Таълим жараёни мана шундай элитани шакллантиришда ўта муҳим ўрин эгаллайди. Тадқиқотчилар юзаки бир қарашда нодемократик кўриниши мумкин бўлган хулосага келмоқда: жамиятнинг илмий ва умуман маданий потенциали ўрта қатламнинг таълим даражасидан ҳам кўпроқ ушбу жамиятни бошқараётган сара инсонларнинг интеллектуал потенциалига боғлиқ экан. Ёки Сингапурни қашшоқ қишлоқдан тараққий этган давлатга айлантирган Ли Куан Юнинг айтишича, "яхши бошқарув учун унга сифатли инсонларни жалб қилиш керак. Салоҳиятсиз элита жамиятга фақатгина зарар келтиради".

  • Айнан шунинг учун ҳам ўзбек таълим тизимининг энг муҳим вазифаларидан бири ёш истеъдодлар ва иқтидорли болаларни танлаб олиш ва ўқитиш орқали янги ўзбек интеллектуал элитасини шакллантириш ҳисобланади. Бундай тизим Ўзбекистонда ҳозиргача мавжуд эмас эди. Президент мактаблари мана шу йўналишда илк қадам ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг анъанавий зодагон қатлами боласини ўқитадиган Тошкент марказидаги русийзабон мактаблар ёки турли "British School"лардан фарқли ўлароқ, президент мактаблари фақатгина пулдор ёки амалдорларнинг боласини эмас, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча иқтидорли болалар учун ижтимоий лифт ролини ўйнаши мумкин. Муҳими бу ерда боланинг айнан иқтидорли бўлишидир.

Бу мактаблар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкентда биттадан ташкил этилаётгани улардан кўзда тутилган мақсад бутун республикада (хусусан, олис ҳудудларда ҳам) яшайдиган болалар учун тенг имкониятлар бериш эканига яна бир далил бўлиши мумкин.

Меритократик янги ўзбек интеллектуал элитасини шакллантириш борасида Ўзбекистон ҳаттоки қўшни Қозоғистондан камида 10 йил ортда қолмоқда. Қозоғистонда 2008 йилдан бери "Назарбаев интеллектуал мактаблари" танлаб олинган болаларга юқори сифатли таълим бериб келмоқда.

Президент мактабларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, улар мамлакат мактаб тизимининг локомотиви сифатида хизмат қилиши мумкин. Зотан, ташаббус муаллифларининг мақсади ҳам "кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этишдир".

Президент мактаблари олдида турган таҳдидлар: бу мактаблар ўз мақсадига етиша олмаслиги ҳам мумкин. Таҳдид, ҳар доимгидек, ташаббусни амалиётга татбиқ этиш жараёни билан боғлиқ.

Хусусан, биринчи таҳдид кенг тарқалган коррупция, таниш-билишчилик ва "қўнғироқ ҳуқуқи" шароитида президент мактабларига ҳақиқатан ҳам истеъдодли, иқтидорли болалар эмас, бой ва амалдорларнинг болалари қинғир йўллар билан қабул қилиниб қолиши мумкинлиги билан боғлиқ.

  • Ҳукумат бу таҳдидни мактабга танловнинг тўғри ва холис ўтишини нуфузли хорижий ташкилот – "Cambridge Assesment"га топшириш орқали назорат қилмоқчи. Ўзбек экзаменаторларидан фарқли ўлароқ, хорижий экзаменаторларни сотиб олиб ёки уларга таъсир кўрсатиб бўлмайди.
  • Вазирнинг айтишича, президент томонидан қўйилган энг асосий вазифа ҳам айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишдир. Яъни, тестлар ҳалол ўтишига сиёсий ирода ва "тепадан" кўмак бор.

Шерзод Шерматов хавфлардан яна бирини интервьюда айтиб ўтибди.

“Президентимиз айтдики, чет элдан ўқитувчи, директор олиб келамиз, хорижий тилларни ўргансин, замонавий билимларни олсин, лекин, энг асосийси, ватанпарвар бўлсин. Бу гапирганда осондек туюлиши мумкин, аммо ватанпарварлик қандай тарбияланади? Бу баландпарвоз гап ёки 10 та мажлис қилган билан бўлмайди. Ҳатто шу йўналишда ҳам кўплаб камчиликларимиз бор", – дейди вазир.

Миллий ғоя "Миллий ғоя асослари" билан, маънавият "Маънавият ва маърифат" дарслари билан алмашиб қолгани бу тушунчаларнинг саёзлашига ва муомалада суиистеъмол қилинишига олиб келди.

"Интернетда кўплаб мақолаларга кўзимиз тушади. Ҳозир “маънавият” сўзини эшитганда салбий маъно тушуниладиган даражага олиб келишди", – деб ҳисоблайди вазир.

Вазирлик бу таҳдидни президент мактабларида маънавий-маърифий ишлар бўйича адекват директор ўринбосарларини танлаш орқали ҳал қилмоқчи. Улар ўқувчиларга сездирмаган ҳолда ватанпарварлик ва маънавиятни сингдириш йўлларини топиши керак бўлади. Кейинчалик бу усулларни Ўзбекистондаги барча мактабларга татбиқ қилишмоқчи.

  • Лекин миллий ғояга бутун бошли янги мазмунни бағишлаш ХТВ имкониятлари даражасига кирмаса керак, бу жамиятда баҳс-мунозара орқали шаклланадиган ғоядир.