Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов пойтахтдаги 81 та талабгир мактабга қўшимча квотани тўғри тақсимлаш бўйича таклифлар сўраб пост қолдирди.

"Ҳозирги кунгача Тошкент шаҳридаги 81 та мактабнинг микроҳудудида яшовчи қарийб 3 минг нафар бола янги тизим – Давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат қабул қилиниши шарофати билан таниш-билишчилик ва порахўрликсиз мазкур мактаблар ўқувчисига айланишди. Ўтган йилларда бундай имконият деярли йўқ эди", – деб ёзади вазир.

Унинг айтишича, микроҳудудда яшовчи 7 ёшдаги болаларнинг қонуний ҳуқуқи таъминланганидан сўнг (7,9 минг атрофида шундай болалар келиши кутилаяпти) 81 та мактабда тахминан 4,7 минг ўқувчини қўшимча қабул қилиш мумкин бўлади. Бу эса мамлакатдаги барча бўлажак биринчи синф ўқувчиларининг (627 минг) 0,76 фоизини ташкил этади холос.

"Атиги шу миқдор учун ижтимоий тармоқларда тўполон кўтараётганларнинг мақсадини эса тушуниш қийин", – деб таъкидлаган вазир.

"Фуқароларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда биз вазиятни ўрганаяпмиз ҳамда қўшимча квота бўйича қабул қилишга доир янги тартибга бирон-бир тўловсиз қабул қилиш ҳақида ўзгартиришларни киритиш борасида таклифлар ишлаб чиқишга тайёрмиз. Асосийси, ушбу қўшимча ўринларни тўғри тақсимлашда хатога йўл қўймаслигимиз керак (тахминан 1 августгача қанча ўрин қолиши аниқроқ бўлиб қолади)", – дейди Шерматов.

Халқ таълими вазирининг ёзишича, қўшимча квота бўйича ўқиш ҳуқуқига энг аввало қуйидагилар лойиқ кўрилиши мумкин:

  • шу микроҳудудда яшовчи 6 ёшга тўлган болалар;
  • шу мактаблар ўқитувчиларининг фарзандлари;
  • бошқа микроҳудудда яшовчи, аммо акаси/опаси шу мактабда ўқийдиган болалар.

"Агар мабодо мана шундай тақсимотдан сўнг ҳам яна бирон мингтача ўрин бўш қолса (баъзи мактабларда балки умуман жой қолмаслиги ҳам мумкин), унда тақсимот қандай амалга оширилади?", – дея савол ташлаган вазир.

Шерматов қуйидаги қўшимча вариантларни таклиф сифатида келтирмасликни сўраган:

  • “Жонли навбат”? Постсовет мамлакатлари тажрибасининг кўрсатишича, бундай тизим бизнинг минтақада мутлақо иш бермайди, қайтага аҳоли норозилигини янада ошириши муқаррар. Мана, бу ҳақда интернетни титкилашимиз билан кўзга ташланадиган дастлабки мақолалардан бири.
  • Лотерея? Унинг шаффоф ва ишончли ўтказилишига шахсан ўзингиз ишонасизми? Бизда ўтказиладиган ҳар қандай қуръа ва лотереялар одамларда шубҳа-гумонни кучайтирса кучайтирадики, асло камайтирмайди. Бу борада ҳам бошқа давлатлар тажрибасини google кўмагида топиш қийин эмас. Мана, шундай мақолалардан бири.

"Агар сиз мавжуд вазият бўйича эҳтиросга берилмасдан, айни пайтдагидан кўра аниқ ва яхшироқ таклифларни бера олсангиз, муаммолар фақатгина танқид қилиш орқали ҳал этилмаслигини исботлаган бўлардингиз. Бундан эса, албатта, барча бирдек мамнун бўлади", – дея постини якунлаган вазир.