Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Президент мактабларига фақатгина баъзи фанларни аъло баҳога ўзлаштирганларгина ҳужжат топшира олиши ҳақидаги талабга изоҳ берди.

Ота-оналар ўзбек таълим тизимида порахўрлик ва таниш-билишчилик авж олган ҳозирги шароитда бу талаб ортиқча бўлганини айтмоқда. Вазирнинг ўз Facebook саҳифасида ёзишича, бу ПМларга қабулни назорат қилаётган Cambridge Assessment талабларидан биридир.

  • Биринчи йили тўрт Президент мактабининг ҳар бирига 144 тадан ўқувчи қабул қилинади. Бу мактабларга қизиқиш жуда юқори бўлгани сабабли шу кунгача 28446 нафар номзод ҳужжат топширган, яъни бир ўринга деярли 50 номзод рақобат қилади. Наманганда бир ўринга 120 нафар бола ҳужжат топширган.

Агар табелдаги аъло баҳога талаб ўзига хос филтр сифатида жорий қилинмаганда, талабгорлар қарийб 10 баравар кўп бўларди ва бу жуда катта қийинчиликларни туғдирарди.

"Наманганда 5-синфга рақобат деярли 1 ўринга 120 нафар ўқувчи! Бу ҳали фақат математика ва табиий фанлардан “5” баҳо олганларнинг ҳужжатлари қабул қилинганида шундай катта рақобат юзага келди. Агарда мактабдаги баҳога қаралмай, ҳаммага ҳужжат топширишига рухсат берилганда бир ўринга 1,5 минг нафар ўқувчи рақобат қилиши ва бу эса фақат ортиқча муаммо келтириб чиқариши табиий эди.

Шу вақтга қадар деярли ҳеч қандай қабул имтиҳонида бир ўринга бу каби катта рақобат бўлмаган", – деб айтган вазир.

Унинг айтишича, табелдаги баҳоларга ноқонуний тузатишлар киритилган юзга яқин ҳолат ҳам аниқланган. Бу болалар энди қабул натижалари эълон қилинишидан олдин исталган босқичда танловдан четлаштирилиши мумкин.

26 июндан саралаш жараёни бошланди

Шерматовнинг айтишича, қабулни назорат қилаётган Cambridge Assessment бир ўринга 20 дан ортиқ номзод ҳужжат топширса, саралаш имтиҳонини ўтказишни талаб қилган. Шу сабабли Президент мактабларига саралаш босқичи имтиҳонлари 26 июн – 3 июл кунлари бўлиб ўтади. Асосий имтиҳонлар эса июл ойида ўтказилади.

26 июндан Президент мактабларига саралаш имтиҳонлари бошланади. Саралаш босқичи имтиҳонлари қуйидаги манзилларда бўлиб ўтади:

  • Тошкентда – «Ўзкўргазмасавдо» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бино (Тошкент ш. Беруний кўчаси 41-уй);
  • Урганчда – «Ёшлик» спорт мажмуаси (Урганч ш. Ёшлик кўчаси 1-уй);
  • Наманганда – «Баркамол авлод» спорт мажмуаси (Наманган ш. Истиқлол кўчаси).
  • Нукусда: 👇
  • – Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби (Нукус ш. М.Жуманазаров кўчаси 172-уй);
  • – Нукус ихтисослаштирилган олимпия резервлари мактаб-интернати (Нукус ш. Чимбой гузари рақамсиз уй).