Ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида айни пайтда Қорақалпоғистонга борган Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида қурилаётган Президент мактабини ҳам кўздан кечирган. “Президент мактаблари бошқа мактаблар учун андоза бўлиши, таълим муҳитини ўзгартириши керак”, дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Фото: Prezident.uz

Шавкат Мирзиёев Президент мактаблари ташкил этиш ташаббусини ўтган йили айнан Нукусда эълон қилган, буни Қорақалпоғистондан бошлашни таклиф этган эди. Жорий йил 20 фeвралда шу бўйича Президент қарори қабул қилинган.

Фото: Prezident.uz

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Нукус шаҳрида Президент мактаби қурилиши жадал олиб борилмоқда. Шавкат Мирзиёев мактабнинг биноси ҳам, маърифати ҳам мукаммал бўлиши кераклигини, шунинг учун уни шошмасдан, сифатли қуриб, Конституция байрамида фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлаган. Унгача ўқувчилар бошқа бинода ўқиб туради.

Caption

Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларида дарслар хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва “STEAM” дастури асосида инглиз тилида олиб борилади. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.

Фото: Prezident.uz

Шавкат Мирзиёев раҳбари мазкур билим даргоҳи учун педагоглар қандай танланаётгани билан қизиққан.

– Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим, – деган Ўзбекистон президенти. – Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик ҳисси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради.