Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида жойлашган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини кўздан кечирди.

2017 йилда ташкил этилган бу мактаб физика, математика, информатика ва астрономия фанларига ихтисослашган.

Бу ерда таълим жараёнига Фанлар академиясининг Астрономия ва Физика-техника институтлари ходимлари жалб этилган. Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва семинар-тренинг ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган чет эллик педагоглар учун меҳмонхона, ўқувчилар учун ётоқхона қурилган.

Инновацион усулларда дарс ўтиш мақсадида аэрокосмик технологиялар хонаси ташкил этилиб, замонавий VR BOX, HOLOMAX, QBOX ускуналари ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида ўрнатилган телескопда ўқувчилар осмон жисмларини кузатиши мумкин.

Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар тўгараклари ҳам ташкил этилган.