Бугун Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев Бош прокурор этиб тайинланган Сенатнинг собиқ раиси Ниғматилла Йўлдошев ўрнига Танзила Норбоева номзодини илгари сурди ва бу таклиф сенаторлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, мажлис давомида президент Мирзиёев собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини тилга олиб ўтди. Англашилишича, собиқ Бош прокурор коррупция жиноятларида айбланмоқда:

«Мана иккинчи прокурорни лавозимидан олиб, жиноий иш очдик. Вилоят ҳокимидан $100 минг, туман ҳокимидан $50 минг пора олган», – деди жаноб Мирзиёев.

Порахўрликнинг қанчалик авж олгани тўғрисида гапирар экан, президент Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев ва коррупция жиноятларига қўл урганликда айбланиб ҳибсга олинган бошқа юқори мансабдор шахсларнинг узоқ муддатга панжара ортига ташланиши эҳтимолига ишора қилди.

"Абдуллаеви ҳам, бошқаси ҳам катта срок олади ҳали", – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Жаноб Мирзиёевнинг гапларига кўра, Ниғматулла Йўлдошев Бош прокурор лавозимини эгаллаганидан сўнг бу соҳада «тўданинг ичидан бошқа одам қолмаган».

Бундан ташқари у сўнгги 27 йил ичида нефт соҳаси бўйича амалга оширилган лойиҳаларнинг 50 фоизи порага асослангани ҳақида сўзлади.

Мамлакатда кенг илдиз отган коррупция борасида сўз юритган Шавкат Мирзиёев «Қизлари битта лойиҳа учун $80 миллион олган» жумлалари билан марҳум президент Ислом Каримовнинг қизлари – Лола ва Гулнорани назарда тутгани тахмин қилинмоқда.

Муносабат – аввал тухум, кейин товуқми?..

Бош прокурорлик лавозимида бир ярим йилча ишлаган Отабек Муродовнинг ҳам ишдан олиниши, ҳам порахўрликда айбланиши турфа мулоҳозаларга сабаб бўлаяпти.

Айримлар Ўзбекистон президентининг коррупцияга қарши кураши жадаллашаётгани ҳақида айтса, бошқалар мамлакат куч тизимлари раҳбарларини тайинлаш механизмини савол остига олади.

Президент порахўрликда очиқ айблаётган шахслар, жумладан Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродов лавозимни эгаллашларидан аввал ҳалол бўлиб, мансабга ўтириши билан порахўрга айланганми?

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни коррупция энг илдиз отган давлатлар қаторидан йилларки тушираётгани йўқ.

Бош прокурор Отабек Муродов нима сабабдан ишдан олингани айтилмаяпти, унинг қаердалиги номаълум.

Мирзиёев: "Самолётимизни уриб туширмоқчи бўлишди"

Президент Мирзиёев ўтган ой сўнгида Суриядан Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган 156 нафар аёллар ва болалар борасида ҳам ўз фикрларини билдирди.

Жаноб Мирзиёевнинг айтишича, одамларни қайтариб олиб келиш амалиёти жуда оғир ўтган. Қутқарув амалиётига юборилган биринчи самолёт «бир давлат» устидан учиб ўтаётганда, учоқни уриб тушириш тўғрисида огоҳлантириш олинган ва самолёт зудликда Озарбайжонга қўндирилиб, сўнг ортга қайтиб келган.

Бундан ташқари Суриядаги жамлоқлардан икки баробар кўпроқ ўзбекистонликни олиб келиш режаси бўлган.

«Кирган бешта автобусдан иккитаси чиқди. Одамларимизни бермади», – дейди президент.

Мирзиёев: "Сил – камбағаллар касаллиги"

Мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият ҳақида куюниб сўзлаган президент Мирзиёев ташқи савдо асосан хомашё экспортига таяниб қолганини танқид қилди. У республикада етиштирилган пахта толасининг асосий қисми ичкарида қайта ишланмай, фақат четга солиб келинганини қоралади.

Унинг билдиришича, бу йил серёғин келганидан пахтачилик қийин аҳволда.

«Энг зўр бўлган йили $1 миллиард 200 миллионга пахта сотганмиз», – тан олади жаноб Мирзиёев.

У, шунингдек, Сенат импорт ҳажмини камайтириш бўйича таклифлар бермаётганидан нолиди.

Президент яна иқлим ўзгариб, музликлар эриётгани, сув тақчиллиги ортаётгани ва аҳоли сони ошиб бораётгани туфайли юзага келувчи иқтисодий қийинчиликлар эҳтимолидан огоҳлантирди.

Президент аҳолининг аёллар, ногиронлар каби алоҳида эътиборга муҳтож қатламлари билан ҳеч ким гаплашишни истамаслиги, қашшоқ одамларга беэътибор муносабатда бўлиш оқибатида камбағаллар сил каби касалликларга чалинаётганидан хавотир билдирди.

Мирзиёев: "Ижро ҳокимияти Сенатни ёмон кўриши керак"

Шавкат Мирзиёев йиллар давомида парламент палаталарини ташаббускорликда жонбозлик кўрсатмаганликда танқид қилди.

Унинг фикрича, Сенат қўмиталари ижро ҳокимиятига шу қадар таклифлар билан чиқиб, уларни қаттиқ назорат қилиши керакки, натижада ижро ҳокимияти парламент ҳақида эшитганда «зир титраши» зарур.

Президент ўзи депутат бўлган илк йилларни ҳам эсга олди. Унинг сўзлашича, 1980-йиллар охирида фаолият юритган парламент шунчалик талабчан бўлганки, ҳаммани "обориб-опкелган".

Шунингдек, у, эҳтимол, биринчи президент даврини назарда тутган ҳолда авваллари депутатларнинг фақат «қўл кўтариб, қарсак чалиши маъқуллангани»ни таъкидлаб ўтди.