2016 йилдан бери Шарқий Туркистонда ўнлаб масжидлар бузиб ташланган. Бу The Guardian ва Bellingcat ўрганишларида тасдиқланган.

Ўрганилган 91 объектнинг сунъий йўлдошдан олинган суратларидан маълум бўлишича, 31 масжид ва 2 мақбара биносига 2016-2018 йиллар мобайнида жиддий зарар етказилган. Шулардан 15 масжид ва ҳар икки мақбара бутунлай бузиб ташланган. Қолган зарарланган масжид биноларининг гумбазлари ва миноралари олиб ташланган.

Каргилик масжиди.

Шарқий Туркистон жанубидаги Каргилик шаҳарчасида жойлашган Каргилик масжиди бузиб ташланган. Бу масжид ён-атрофдаги қишлоқлардан мусулмонлар йиғилиб ибодат қиладиган маскан бўлган.

Яна бир масжид Хўтан яқинидаги 12-асрда қурилгани тахмин қилинадиган Ютян Атика масжидидир. Масжиднинг дарвозаси ва ёндош бинолари бузиб ташланган.

Уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолларнинг таъкидлашича, юзлаб, эҳтимол минглаб масжидлар экстремизмга қарши кампания доирасида бузворилган. Бузилган кичик масжидларнинг аксариятини бориб кўриш, хабарларни тасдиқлаш мушкул. Чунки ҳукумат ҳудудга келувчи журналистларга осонликча рухсатнома бермайди.

Жаъфари Содиқ қадамжоси. Фото: Google Earth/ Planet Lab

Масжидлар уйғурлар тўпланадиган ва маданий-ижтимоий бирдамликни, анъаналарни сақлашга хизмат қиладиган жойдир. Шу боис ҳукумат масжидларни уйғурларни хитойликларга ассимиляция қилишга тўсиқ деб билади дейди фаоллар. Маҳаллий аҳоли масжидларга боришни камайтирган. Борувчилар қаттиқ назорат қилинади, махсус рўйхатга қўйилади.

Хитой экстремизмга қарши курашиш важи билан интенсив кампания олиб бормоқда. Жумладан, мусулмон озчилик вакиллари кузатувга олинган. Қарийб 1,5 млн уйғур мажбуран қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштирилган. Аммо расмий Пекин уларнинг мажбуран қамоқда тутиб турилганини рад қилади.

Хитой ўз ҳудудидаги мусулмон ва насроний аҳолини Хитойнинг “миллий шароити”га мослаш, хитойлаштириш ниятини яширмайди. Шу йилнинг январ ойида Хитой ҳукумати исломни социализмга мувофиқлаштириш бўйича беш йиллик режани тасдиқлаган эди.