Ҳукуматнинг 11 июндаги қарорига кўра Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиаллари ташкил этилди.

Филиалларда ўқув жараёни 2019/2020-ўқув йилидан бошланади. Талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили тасдиқланадиган квоталардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

  • Қарши давлат университети қошидаги Шаҳрисабз академик лицейи бинолари Тошкент давлат педагогика университети филиалига;
  • Шаҳрисабз енгил саноат коллежи бинолари Тошкент кимё-технология институти филиалига берилади.

Лицей ва коллеж ўқувчилари ўша биноларда ўқишни битирадилар.

Ҳозир «Менинг фикрим» порталига бошқа олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ҳақида ҳам петициялар жойлаштирилган. Масалан:

  • Бекобод шаҳрида Тошкент давлат техника университети ёки Тошкент давлат педагогика университетининг филиалини ташкил қилиш, овозлар сони – 507 та, овоз бериш тугашига 47 кун қолди;
  • Нурафшон шаҳрида олий таълим муассасасини ташкил этиш ҳақида, овозлар сони – 116 та, овоз бериш тугашига 55 кун қолди;
  • Ўзбекистон давлат санъат академиясини ташкил этиш ҳақида, овозлар сони – 105 та, овоз бериш тугашига 56 кун қолди;
  • Самарқанд вилояти Ургут туманида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг филиалини ташкил этиш ҳақида, овозлар сони – 111, овоз бериш тугашига 57 кун қолди;
  • Чуст шаҳрида олий таълим муассасаси филиалини очиш ҳақида, овозлар сони – 223 та, овоз бериш тугашига 62 кун қолди;
  • Қарши шаҳрида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Қарши филиалини ташкил этиш ҳақида, овозлар сони – 104 та, овоз бериш тугашига 84 кун қолди;
  • Андижон вилояти Марҳамат туманида олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш ҳақида, овозлар сони – 50 та, овоз бериш тугашига 88 кун қолди.

Мурожаатлар 90 кунда етарли овоз (10 000 та) тўпласа, ваколатли давлат органи – Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилади.