Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 2 август куни «Республика ҳудудларида "Business City" замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган.

Ушбу қарорга кўра Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида ўзига хос ситилар қурилиши режалаштирилган. Бунга Tashkent City, Samarkand City, Fergana City, Namangan City, Olmazor City, Yunusobod City, Mirzo Ulugbek City, Delta City, Fargona Street (Tashkent), Chorsu Bazar каби лойиҳаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ҳозирча оммага ошкор қилингани ва ОАВ орқали маълум бўлганларини жамладик.

Биз ҳозирги кунгача республикада ишлаб чиқилган барча сити лойиҳаларига тўхталиб ўтамиз.

Tashkent City

Tashkent City халқаро ишбилармонлар маркази пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда қурилмоқда. Лойиҳага мувофиқ «Tashkent City»да бизнес марказлари, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилади.

Tashkent City барча ситилар ичида энг йириги ва муҳими дейиш мумкин. Ушбу инновацион марказ қурилиши 4 йилда, 2018 – 2021-йилларда битказилиши режалаштирилган. Лойиҳада жами 8 та лот бунёд қилинади.

1-лот Gardens Residence тураржой комплекси бўлиб, унда 8 қаватли 9 та уй қурилади. Қурилиш ишлари 89518 кв. м. майдонда олиб борилмоқда. 2018 йил май ойида бошланган қурилиш 2019 йил декабрда якунланиши режалаштирилган.

Photo: Tashkent City

2-лот: бу ҳудуд 3 та асосий блокдан иборат. Иккита блокда кўп қаватли 5 та тураржой биноси қурилади. Уларнинг пастки қаватларида савдо дўконлари жойлашади. Учинчи блокда мактаб барпо этилади. 45886 кв. м. майдонда қурилиш ишлари 2018 йил июль ойида бошланган ва 2021 йил октябрда якунланади.

Photo: Tashkent City

3-лот: ушбу ҳудуд битта блокдан иборат, унда битта савдо маркази ва 2 та осмонўпар бино қурилади. Баланд биноларда офис ва тураржойлар бўлади, 4 қаватли савдо маркази эса шу икки бинонинг остига жойлашади. Қурилиш 2021 йил апрель ойида битказилади.

Photo: Tashkent City

4-лот: бу ҳудудда битта блок бўлиб, унда уч хил шаклга эга битта бино қурилади. Пастки қисми савдо дўконлари, юқори қисмлари тураржой ва офис учун мўлжалланган. Улар 2021 йил декабрь ойида фойдаланишга топширилади.

Photo: Tashkent City

5-лот: бу ҳудудда 5 юлдузли меҳмонхонаси бор Конгресс маркази қурилади. Мазкур бинода турли саммитлар, президентларнинг учрашувлари ўтказилади. Конгресс маркази 2021 йил сентябрь ойида қуриб битказилиши мўлжалланган.

Photo: Tashkent City

6-лот: ҳудуддаги офис биноларини қуришда асосан икки хил материалдан фойдаланилмоқда: тош ва алюмин. Лот 2021 йил декабрь ойигача қурилади.

Photo: Tashkent City

7-лот: ушбу ҳудудда 4 қаватли 11 та уй қурилади. Бу бинолардан савдо, офис ва тураржой мақсадида фойдаланилади. Биринчи қавати савдо дўконлари, иккинчи ва учинчи қаватлари офис, тўртинчи қават эса тураржой учун мўлжалланган. Қурилиш 2019 йил декабрь ойида битказилади.

Photo: Tashkent City

8-лот: бу ҳудуд Тошкент марказидаги йирик дам олиш масканларидан бири бўлади. Мазкур хиёбон Tashkent City марказида жойлашган бўлиб, анъанавий ва замонавий кўнгилочар тадбирлар учун мўлжалланган. Хиёбонда амфитеатр, кўл, фестивал майдони, оранжерея, савдо майдонлари, кафе, ресторан ва сувенир дўконлари жойлашади. Лот 2019 йил сентябрь ойида тайёр бўлади.

Photo: Tashkent City

Yunusobod City

Yunusobod Business City 4 та лотдан иборат бўлиб, Янгишаҳар ва Чинобод кўчалари кесишмасида қурилади. 41 гектар майдонда қурилиши кутилаётган марказнинг 1-лоти 9,19 гектар бўлиб, унда 9, 12, 15 қаватли 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар бунёд этилади.

Photo: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

2-лот 12,2 гектар бўлиб, ушбу ҳудудда мактаб, боғча ҳамда 1388 ўринли автотураргоҳ барпо этиш кўзда тутилган. Майдони 1,4 гектар бўлган 3-лотда офис ва меҳмонхоналар, 12 ва 15 қаватли бинолар қурилиши мумкин. 18,2 гектарлик 4-лотда эса катта боғ, кичик дўкон ва ресторанлар қуриш режалаштирилмоқда.

Mirzo Ulugbek City

Mirzo Ulugbek City кўп қаватли тураржойлар, савдо дўконлари, кўп тармоқли мажмуалар, ижтимоий объектлардан иборат бўлади.

Photo: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Olmazor City

Olmazor City лойиҳасида кўп қаватли тураржойлар, бизнес-офислар, меҳмонхоналар, 3-4 қаватли савдо марказлари, хусусий боғча ва мактаблар, дам олиш масканлари қурилади. Қурилиш ишлари 2021 йилда тугатилади.

Photo: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Delta City

Дастлабки номи Hi-Tech City бўлган Delta City юқори технологияли халқаро инновацион марказ ҳисобланади. Delta City Амир Темур, Кичик ҳалқа йўли, Сандиққўрғон ва Ифтихор кўчалари ўртасидаги ҳудудда жойлашади. Илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун қулай шароит яратиш мақсадида ташкил этилаётган мавзе Тошкент ахборот технологиялари университети яқинида жойлашиб, Халқаро бизнес маркази ва «Ўзэкспомарказ» майдонини ўз ичига олади.

Photo: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Fargona Street (Фарғона йўли)

«Фарғона йўли» лойиҳаси Фарғона йўли кўчаси бўйида 227,57 гектар ерда қурилади. Лойиҳа доирасида янги тураржойлар, замонавий офислар, меҳмонхоналар, гипермаркетлар, кўнгилочар марказлар, хусусий боғча, мактаб, клиника каби ижтимоий объектлар бунёд этилади.

Photo: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Chorsu Bazar – Эскишаҳар

Chorsu Bazar лойиҳасига кўра Тошкентнинг рамзига айланган Чорсу бозори ва Эскишаҳар ҳудуди янги кўринишга эга бўлади. Бу ерда ҳам турли кўнгилочар марказлар, савдо шохобчалари, кўп қаватли уйлар қурилади. Чорсу бозори рамзига айланган кўк гумбаз аслича сақлаб қолинади.

Photo: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Samarkand city

Самарқанд шаҳрида 2020 йилгача Samarkand city туризм зонаси, Самарқанд туманида эса эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуаси барпо этилади.

Лойиҳага кўра янги меҳмонхоналар, соғломлаштириш ва савдо марказлари, маданият муассасалари, туристик-рекреацион ҳудудлар ҳамда туризм инфратузилмасининг бошқа объектлари қурилади.

Авиарейслар ва тезюрар «Афросиёб» электропоезди қатновлари сони кўпайтирилади. Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этилиб, туристик объектларга олиб борадиган йўллар қурилади, мавжудлари реконструкция қилинади.

Samarkand city туризм зонасида меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-соғломлаштириш ва кўнгилочар-савдо масканлари қурилади.

Namangan City

Мазкур лойиҳа Наманган шаҳрининг Гулистон даҳасида амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ерда ҳам аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай объектлар бунёд этилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Namangan City лойиҳаси билан танишиб чиққан.

Fergana City

Фарғонада халқаро ишбилармонлик маркази – Fergana City бунёд этилади. Унинг қурилишига жанубий кореялик инвесторларни ҳам жалб этиш режалаштирилган. Лойиҳада осмонўпар бинолар, мактаб ва боғчалар, офислар қурилиши режалаштирилган.