Тошкент шаҳрида фаолият бошлаган Президент мактабига энг кўп ўқувчи Сергелидаги мактаблардан қабул қилинган. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

“Президент мактабларига ўқувчиларни саралашда давлатимиз раҳбари томонидан танловни адолатли ўтказиш энг муҳим вазифалардан бири деб белгилаб берилган эди.

Тошкент шаҳридаги Президент мактабига энг кўп ўқувчиси қабул қилинган мактабларнинг биринчи 6 тасидан 3 таси Сергели туманидан эканлиги ҳам ушбу танлов адолатли ўтганлигини кўрсатади.

Қолган мактаблардан 3 нафар ва ундан кам ўқувчилар қабул қилинган”.

Фото: Facebook / Sherzod Shermatov

Вазир Президент мактабларига ўқувчилари энг кўп қабул қилинган мактаблар раҳбариятига ва ўқитувчиларига миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларига кириш имтиҳонлари натижаларини текшириш ва талабгорларнинг жавоблари натижаларини баҳолаш Cambridge Assessment International Education томонидан адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилди. Икки босқичда ўтган имтиҳон жараёнини мустақил кузатувчилар, ота-оналардан вакиллар, ОАВ ходимлари ва блогерлар кузатиб боришди. Натижалар аноним тарзда эълон қилинди, номзоднинг шахсий маълумотлари кўрсатилмади.

Президент фармонига кўра, 2019–2021-йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Президент мактаблари ташкил этилади. Жорий ўқув йилида Нукус, Наманган, Хива ҳамда Тошкент шаҳарларида Президент мактаблари фаолият бошлади. Қолган ҳудудларда эса 2020 ва 2021 йилларда ҳар йили бештадан Президент мактаби қуриб фойдаланишга топширилади.

Ҳар бир ҳудуддаги мактабга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Ҳар бир ёш тоифасифа иккитадан синф ташкил етилади, битта синфда 12 нафар бола ўқийди. Таълим бепул, ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади.

Президент мактабларида дарслар хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва “STEAM” дастури асосида инглиз тилида олиб борилади. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги дастур дипломига (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) эга бўлади. Бу эса хорижий олий ўқув юртларига ҳам кириш имконини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни имзоланган махсус фармон ва қарор билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этилди ва Президент мактаблари ХТВдан янги агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилди.