Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси (АКП) Туркиядаги маҳаллий ҳокимият сайловида катта шаҳарларни қўлдан бой берди. 16 йил давру даврон сурган ҳукмрон партия учун бу жиддий муваффақиятсизликдир.

Камолчилар партияси бўлмиш Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) номзоди Мансур Яваш Туркиянинг пойтахти Анқарада тўлиқ ғалаба қозонган. ЖХП, шунингдек, Туркиянинг учинчи катта шаҳри Измирда ҳам ютган.

Истанбулда, Марказий сайлов комиссиясининг энг сўнгги маълумотларига кўра, ЖХП номзоди Икром Имомўғли етакчилик қилмоқда. Лекин АКП партияси ҳам, ЖХП ҳам Истанбулдаги сайловда ютганини даъво қилишмоқда. ЖХП номзоди Икром Имомўғли рақибидан 28000 кўп овоз олганини, АКП номзоди, собиқ бош вазир Бинали Йилдирим 4000 кўп овоз олганини иддао қилган. Ҳар икки номзод ҳам 4 млн атрофида истанбулликнинг овозини олгани айтилган. Эрдўғон тарафдорлари олдида чиқиш қилар экан, АКП Истанбулда ҳам мағлуб бўлиши эҳтимолига шама қилган. “Гарчи халқимиз уларга шаҳар ҳокимлигини берган бўлса ҳам, вилоятларни АКПга беришди”, – деган Эрдўғон.

Бу нега муҳим?

АКП мамлакатнинг 12 катта шаҳридан 7 тасини қўлдан бой берди. Хусусан, энг катта иқтисодий марказлар АКПга қарши овоз берган. Ўзини бизнеспарвар деб биладиган партия учун бу катта муаммо.

Истанбул Европанинг энг катта шаҳри бўлиб, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга 10 млн одам яшайди. Туркиянинг 20 фоиз аҳолиси айни шу шаҳарда.

Туркия сиёсатида муҳим роль ўйнаган ўнлаб сиёсатчилар айнан Истанбулда карьерасини бошлашган. Эрдўғоннинг ўзи 1994 йили Истанбул ҳокими бўлган ва шу даврда бутун Туркияга танилган, кўпчиликнинг эътиборига тушган. Кўпчилик мутахассислар Истанбулни олишни бутун Туркияни олиш деб ҳисоблайдилар.

Бу сайловларнинг фавқулодда натижаси яна бир жиҳати билан жуда муҳим. Юз минглаб одамлар қамалган, мухолиф ОАВ тарқатиб юборилган, мавжуд ОАВнинг 90 фоизи Эрдўғон ва унинг иттифоқчиларини қўллаб келаётган бир пайтда бундай натижалар жамиятда чуқур ихтилоф борлигини англатади.