Таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст «Кино санъати» журнали билан суҳбат қилибди. Суҳбатда ёзувчи кино соҳаси ҳақида гапириб, бугунги ижтимоий воқеликка ҳам муносабатини билдириб ўтган.

«Кинога оралашни атай орзу қилмаганман. Тақдир эканки, аввал четроқдан, кейинроқ бевосита аралашувга тўғри келди. Хабар соҳасида тинчгина ишлаб юрган пайтимда марҳум каттамиз чақириб, кинога ўтишни сўради. Такрорлайман: буюргани йўқ, сўради. Аввалига кўнмадим, лекин Ислом Каримов менинг нозик жойимдан тутди: “миллат” деб кариллашга устасан, ўша ерга бориб, миллий кино қилмайсанми? Мен ҳам анойи эмасман, дарров аниқловчи саволни бердим: ортиқча назоратсиз, эркин ишлашга кафолат берасизми? Хуллас, оғзаки кафолатни кўнгилга солиб, кинога ўтдим», – деб эслаган ёзувчи.

Мурод Муҳаммад Дўст раҳбарларнинг журъати ҳақида гапираркан, бир латифани мисол қилиб келтирган: «Ибратли бир латифа борки, ғижжакчи яҳудий ўзининг эшони, яъники раввин ёнига келиб, бугун – муборак шанба, лекин ғайридин дўстим аксига олиб айни шанбада уйланаяпти, кечқурун тўйда меҳмонларига озгина нағма чалиб берсам бўладими деб сўрайди. Раввин айтадики, йўқ, шанба куни ишлаш кулли гуноҳ, фақат ибодатга рухсат бор. Ребби, ўзингиз шанбада соқол қиртишлаб ўтирибсиз-ку дея эътироз билдиради бечора ғижжакчи. Шунда раввин айтадики, бўтам, фарқимиз шундаки, мен бировлардан рухсат сўраб ўтирмайман... Биз ҳам бировдан рухсат ҳам, маслаҳат ҳам сўраб ўтирмаганмиз. Филмларни фақат бадиий кенгаш қабул қилган ва экранга йўллаган. Бошқа бирорта ташкилот ишимизга аралашмаган».

Ёзувчи кўп нарса раҳбарларга боғлиқ эканига урғу берган: «Бугун эринмаган одам борки, миллий телевидениени ёзғиради. Шева босиб кетди, ажнабий сериаллар кўп, нимяланғоч лапарчилардан дод ва ҳоказо ва ҳоказо. Гўё телевидениега теккан касални тузатиб бўлмайдигандай. Тузатса бўлади. Тузатиш осон. Кўп нарса раҳбарларга боғлиқ. Оғриқли жойларни топиб, даволашни талаб қилса бас. Лекин оғриқли жойни топиш учун аввало тузукроқ савия, диду фаросат ва озгина журъат керак».

Ёзувчи сиёсий элита тушунчасига ҳам изоҳ бериб кетган: «Сиёсий элита – аслида ўта юксак тушунча. Тепага чиққан ҳар қандай гуруҳ ўзини “элита” санаши мумкин, лекин бу билан сара (elite – cара, энг яхши) бўлиб қолавермайди. Савияни савлат билан белгилаш замони ўтди. Дарвоқе, “савия”нинг мазмуни “тенглик”дир. Шу маънода худодан сиёсат аҳлига ҳам, санъат аҳлига ҳам диду фаросат борасида тенглик тилаган маъқул».

«Бугун, демократик тамойиллар куртак ёриб, одамлар бемалол фикрлаш ва гапиришни қайтадан ўрганаётган пайтда “Ўртоқ Бойкенжаев” ёки “Окахон” каби филмлар телевизорда намойиш қилинса, ўзига яраша томошабин топади деган умидим бор. Мени турли окахонларнинг одамлар онгига ин қурган виртуал салтанатидан кўра реал ҳокимият ва реал жамият мавзуси кўпроқ қизиқтиради. Кечаги кунни ва бугунни, яъни эски салтанат тугаб, янгича русумлар жорий этмоқ истаган янги сиёсатчилар гурас-гурас бўлиб майдонга чиқаётган замонни бадиий идрок этишга эҳтиёж бордай. Худо умр берса, кинода эмас, насрда ўзимни яна бир синаш ниятим бор», – деган ёзувчи.

Суҳбатда собиқ амалдор марҳум президет Ислом Каримовни ҳам эслаб ўтади: «Ислом Каримов рассом Раҳим Аҳмедовнинг ашаддий мухлиси эди. Энг яхши кўргани – “Она портрети”. Бу меҳр унинг изми билан майдонга қўйилган Она ҳайкалида ҳам ўз аксини топган (бир-бирига ўхшаш мотамсаро оналарнинг урчиб кетганига Ислом Каримов эмас, хушомадгўй вилоят ҳокимлари ва пулга ўч ҳайкалтарош усталар айбдор)».

Мурод Муҳаммад Дўст маданият ва санъат таълимини чет элликларга бериб қўймаслик зарурлигини таъкидлаган:

«Эшитишимча, янги раҳбарият кинога яхши кўз билан қараётган экан. Ҳаттоки орқаваротдан алоҳида миллий киноакадемия очилармиш деган ёқимли гаплар ҳам етиб келаяпти. Яна бир эл оралаб юрган гап, яъники Москвадаги кино институтининг маҳаллий филиалини очиш масаласига тўхталсак, бу ишни қилишдан олдин кўп ва хўб ўйлаб кўриш керак. Балки молия, банк, қурилиш ёки кончилик соҳасида хорижий ўқув юртларининг филиалларини кўпроқ очиш керакдир. Лекин дабдурустдан кўнгилчанлик қилиб, бевосита миллий мафкура ва менталитетга бориб тақалувчи маданият ва санъат таълимини ҳам хорижий юртлар вакиллари қўлига бериб қўйсак, натижаси хунук бўлмасмикан деган истиҳола бор. Биз хоҳлаймизми-йўқми, барибир улар ёшларимиз онгига ўз маданиятини, алал-оқибатда эса ўз мафкурасини сингдириши тайин. Тажрибамиз етар-етмасидан қатъи назар, ёшларга санъатдан ўзимиз таълим беришимиз шарт деб ўйлайман», – деган ёзувчи.