Саудия Арабистони Туркия раҳбариятини заифлаштириш стратегиясига киришди. Ғарб ОАВ қўлига Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) расмийлари учун махсус тайёрланган махфий ҳисобот тушди, деб хабар беради Tarjumon.uz

Ҳужжатда айтилишича, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Истанбулда мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини Туркия бутун дунёга ошкор қилиб юборганидан ғазабланган. Шу муносабат билан Ар-Риёд Туркиядаги ички вазиятни беқарорлаштириш ва шу орқали мамлакат раҳбариятини заифлаштириш режасини тузган.

Саудия Арабистони ҳукумати аксилтурк стратегиясини амалга ошираётганини биринчи бўлиб Middle East Eye портали хабар берди. Порталнинг қўлига БАА таҳлил марказларидан бирининг Абу-Даби учун маҳсус тайёрланган ҳисоботи келиб тушган.

«Саудия Арабистони бўйича ойлик ҳисобот» деб номланган ҳужжатда айтилишича, жорий йилнинг баҳорида Ар-Риёд Туркиянинг подшоҳлик ва минтақага нисбатан сиёсатига қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиққан.

Ушбу чора-тадбирларнинг мақсади «Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукуматига босим ўтказиш учун мумкин бўлган барча воситалардан фойдаланиш» бўлган.

Хусусан, Ар-Риёд «мухолифат Эрдўғонни ағдариб ташлайди деган умидда» ички муаммоларни оғирлаштиришни режалаштирган. Сўнгги маҳаллий сайловларда Эрдўғоннинг рақиблари ғалаба қилганини ҳисобга олсак, бундай тахминлар асослидир.

Бироқ ҳисоботда Ар-Риёд Туркия раҳбарининг мухолифларини атайин молиялаштириши ва уларга сиёсий ёрдам кўрсатиши очиқланмаган. Аммо бошқа тафсилотлар мавжуд. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Саудия Арабистони раҳбарияти «Туркия иқтисодиётини нишонга олишни ва саудияликларнинг Туркияга сармоя киритишига таъсир кўрсатишни» истамоқда.

Иқтисодий чоралар қаторига янги йўналишлар яратиш орқали саудиялик сайёҳларнинг Туркияга боришини чеклаш, турк товарларининг импортини қисқартириш ва ислом билан боғлиқ минтақавий масалаларда расмий Анқаранинг ролини камайтириш киради.

Махсус маъруза муаллифлари яқинда Ар-Риёднинг турк товарлари ортилган машиналарни ўз ҳудудига киритишдан бош тортиши антитурк стратегиясини амалга ошириш бошланганининг белгиси сифатида баҳоланмоқда. Қарийб икки ҳафта давомида юзга яқин машина қироллик чегарасида турди. Узоқ вақтдан кейин Ар-Риёд уларга ўз ҳудудига киришга рухсат берди. Туркия зиён кўрдими ёки йўқми – номаълум.

Йиллик ҳисобот муаллифларининг алоҳида қайд этишича, бу каби кескин антитурк чораларига Қошиқчининг ўлдирилиши туртки бўлди. Анқара валиаҳд шаҳзоданинг шахсий буюртмаси бўйича саудияликлар содир этган қотиллик тафсилотларини очишда фаол иштирок этди.

Таҳлилчиларга кўра, Туркия томони Саудия Арабистонининг жиноятларни тергов қилишига ёрдам берадиган «аниқ ва тўғри» маълумот бермаган. Ҳисобот муаллифларининг сўзларига кўра, бунинг ўрнига Анқара нотўғри ахборот тарқатиш кампаниясини бошлаган.

Туркия раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари «қироллик имижини бузиш ва валиаҳд шаҳзодасининг обрўсини тўкиш»га қаратилган экан. Бироқ, экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ар-Риёд Эрдўғон бу борада муваффақиятсизликка учради деган хулосага келган.

Саудия Арабистони сувдан қуруқ чиқиб кетишга муваффақ бўлди деган хулосага келган экспертлар. Бироқ бу шаҳзода Муҳаммадни қасос олишдан тўхтатолмайди.

Саудия Арабистонининг антитурк сиёсати ташқи сиёсатда ҳам кўзга ташланади. Ар-Риёд Суриянинг шимолий ҳудудларида Туркия таъсирининг кенгайишига қарши туришга уринмоқда дея ишонилади.

Хусусан, Саудия Арабистони раҳбарияти АҚШга «Шимоли-Шарқий Сурияда вазиятни барқарорлаштириш» учун маблағ ажратибгина қолмай, маҳаллий ҳокимиятда курд вакилларининг кўплигидан бир неча бор норозилик билдирган маҳаллий араб қабилалари билан музокараларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Саудия Арабистонининг Яқин Шарқ ишлари бўйича вазири Тамер ас-Сабҳон 13 июн куни шимоли-шарқдаги Дайр аз-Зор вилоятига борди. У курд жангариларининг етакчилари, қабила шайхлари, шунингдек, Америка вакиллари – Давлат котибининг ўринбосари Жоэл Рейберн ва АҚШнинг Халқаро коалиция кучлари махсус ёрдамчиси Уилям Робак билан учрашди.

Ташриф давомида ас-Сабҳон қабила шайхларини ушбу ҳудудларни озод қилган «Сурия демократик кучлари» (ДСС) кўп миллатли коалициясига ёрдам беришга чақирди. Ушбу коалицияда курдлар кўпчиликни ташкид қилади. Саудия Арабистонининг ушбу ҳудудларда бўлиши Суриянинг шимолида Туркия таъсирини камайтиришга ёрдам беради деб ишонилади. Бироқ Ар-Риёднинг Туркиядаги вазиятни беқарорлаштириш сиёсати самарали бўладими ёки йўқми – номаълум.