Таниқли ношир Санжар Назарнинг INFOLIB журналида ноширлик ва унинг атрофидаги айрим масалалар ҳақида суҳбати чоп этилибди.
– Ношир ҳамда жамиятдаги ўзгаришларни ҳаққоний нигоҳ билан кузатувчи инсон сифатида айтинг-чи, бугунги кундаги китобхонлигимиз қай даражада?

– Шу савол ярим йил-бир йил олдин берилганида ёзғириш, дийдиёлар билан жавоб берган бўлардим. Бугун ундай қила олмайман. Ваҳоланки, даражамиз бир йил олдингига нисбатан ўзгариб қолгани йўқ. Бироқ одамларимизнинг китобга муносабатида ўзгариш пайдо бўлди. Шу охирги йилда кутубхона очишни мақсад қилган ўнлаб инсонлар билан учрашдим. Китоб савдосида ижобий ўзгаришлар кузатилди, нашрларнинг ададлари ортди. Китобхонлар фаоллашди, ижтимоий тармоқларда ўз гуруҳлари, каналларини очишди ва уларни мулоқотлар, мунозаралар майдонига айлантиришди. Ўзим учун бир қанча библиофил ёшларни кашф қилдим. Буларнинг ҳаммаси некбин кайфият уйғотмасдан қолмайди, албатта. Энди ҳамма гап мана шу кичик муждани катта бир ҳаракатга айлантириш, китобсеварликни миллатнинг сифатларидан бирига дўндиришдир.

– Сизнингча бугунги замон ўқувчилари қандай адабиётлар ортидан эргашмоқда? Уларни кўпроқ қандай асарлар қизиқтирмоқда?

– Ўқувчидан ўқувчининг фарқи бор. Улар ўзаро фарқли дидга эга ва турлича адабиётларга қизиқишади.
Мен омма дидига синчи бўлишни ҳеч эплолмадим. Омма талашиб ўқийдиган асарларни, айниқса, бадиий адабиётни ҳеч нашр ҳам қилмадим. Аслида нашриёт ўқувчининг дидига мослаб китоб чоп этишини ўзим учун тўғри дея олмайман. Аммо бошқалар бу йўлдан борганда, айбламайман ҳам. Ҳаммаси ноширнинг тутумига, позициясига боғлиқ. Ўқувчининг дидини тарбиялаш керак, унга хоҳлаганини эмас, зарурини бериш лозим деб ҳисоблайман. Ҳамма гап ана шу “зарур”ни ажратиб олишда – бу катта масъулият.
Масалан, “Академнашр” Назар Эшонқулнинг икки қисмдан иборат “Мендан менгача”, Раҳимжон Раҳматнинг “Адабиётдан чиқиш” китобларини нашр этди. Фахриддин Низомнинг “Метаҳикоялар оралаб” китоби нашр этилиш арафасида. Ўзига хос муқобил адабиётшунослик намуналари бўлган бу китоблар айнан “тўғри” китобхонни тарбиялашга хизмат қилиши керак. Булар ўқувчиларни зарур китобларни “ҳазм” қилишга тайёрлаш умидида нашр этилган, этилаётган китоблардир.
Фикримча, ҳар бир нашр китобхоннинг истагидан бироз баландда бўлгани маъқул. Шунда ўсиш бўлади. Мутолаани Марсел Пруст, Хорхе Луис Борхес ёки Уилям Фолкнер асарларидан бошлаган ўқувчи бўлмаса керак. Аммо ҳақиқий китобсевар бу муаллифларни “ҳазм” қила олиш даражасига етиши керак. Шундагина том маънодаги маърифат ҳосил бўлади ва бу, биз кутаётганимиздек, жамиятни ўзгартиради.

– Ўзбек ноширларининг энг оғриқли нуқтаси нима деб ўйлайсиз?

– Саволингиз устида бироз мушоҳада қилиб ваҳимага тушади одам. Ҳамма томонимиз оғриқли нуқта экан. Яна бири биридан оғриқлироқ. Агар ажратиб кўрсатиш керак бўлса, энг аввалгиси соҳада ШАХСларнинг камлиги бўлса керак. Кўпчилик зиёлилар 5-10 та нашриётни билишади, аммо улар нечта ноширни танишади? Ахир ҳар бир нашриётнинг жавҳари – ядроси ношир-ку. Бугун жавонларимизни ишғол этаётган қиёфасиз, характерсиз китобларнинг пайдо бўлиш сабаби шундамикан деб ўйлаб қоламан.
Олмон ёзувчиси, шоир, файласуф, мусаввир Ҳерман Ҳессенинг “Китоб жодуси” асарида бир хат (шрифт) ҳақида ёзган бутун бошли мақоласи бор. Библиофил Ҳессенинг квинтэссенцияси мана шу ерда намоён бўлади. Бу ноширликнинг лакмус қоғози ҳамдир. Яъни китобни, дейлик, хат туригача ҳис қила олмасдан ноширлик қилаётганлар оддий тадбиркорлар, холос. Мен учун ҳақиқий ношир камида яхши бир шоир ёки ёзувчи ёинки олимнинг иқтидорини ўзида яширган шахсдир. Афсуски, шунақа ноширларимиз кам. Китобни қўлига тутганда кўзлари чақнайдиганлар кам. Китоби хунуклиги, сифатсизлиги, ғиж-ғиж хатолигидан уялмайдиганлар кўп. Шулар асосий оғриқ нуқтамиз бўлса керак.
Мутахассисларнинг камлиги ҳам жуда катта муаммо. Нашриётлар кўп, яхши муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар саноқли. Дизайнер-рассомларни-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади. Бугун турли нашриётлар чоп этаётган яхши китобларнинг аксарияти бир-бирига ўхшаш, уларнинг чиқиш маълумотларида бир-иккита исмни такрор ва такрор кўрасиз.
Юқорида гаплашганимиз китобхонлик даражасининг қониқарсиз эканлиги, аҳолининг тўлов қобилияти пастлиги ҳам ноширларнинг оғриқли нуқталаридир.

– Ҳозирги кунда чет эл ёзувчиларининг таржима асарларини бир вақтнинг ўзида икки-учта нашриёт босмоқда. Шу тўғрими? Умуман таржима асарларга сиз раҳбарлик қилаётган нашриёт ёндашиш услуби қандай?
– Нафақат таржима адабиёти, балки исталган асарнинг ҳам бир неча нашриётлар томонидан бир пайтда нашр этилиши нафақат тўғри, балки соҳанинг ривожи учун зарур ҳамдир. Бу бутун дунёда кузатиладиган амалиёт. Фақат бир шарт бор: ўз услуби, дастхатига эга нашриётлар шаклланган бўлиши керак. Модомики, ҳатто идеал ҳолатда ҳам, таржима аслиятдаги матннинг соясигина экан, келинг бу соянинг турли бурчаклар остидаги вариантларини ўқувчига тақдим қиламиз. Бу китобхонни аслиятга янада яқинлаштирмайдими?! Ўзбек тилига турли таржимонлар томонидан ўгирилган бирон асарнинг ҳар хил вариантларини ўқиб, таққослаб кўргач, ҳамфикримга айланишингизга ишонаман.
Агар сиз бундан 30-40 йил олдин таржима қилинган асарларнинг нашрини, яъни айнан бир таржиманинг турли нашриётлар томонидан чоп этилаётганини назарда тутаётган бўлсангиз ҳам, бу салбий ҳолат деб баҳоланмаслиги керак. Узоққа бормайлик, Тошкентдаги собиқ ЦУМнинг орқа томонида қатор тизилган, асосан рус тилидаги китоблар сотиладиган расталарга бориб, дейлик, “Ҳарри Поттер”ни сўраб кўринг: «”Махаон”ники керакми ёки “Росмэн”ники ҳам бўлаверадими?» деган савол билан қарши олишади сизни. Камида бешта нашриётнинг маҳсулотини таклиф қилишади. Ва бу табиий. Ва бу жуда зўр!
«Академнашр»да таржима асарларга бир нечта талаблар қўйилади. Биринчиси, асар аслиятдан таржима қилинган бўлиши шарт. Ҳар қанча равон, мукаммал матн бўлмасин, учинчи, воситачи тилдан қилинган таржималарни чоп этмасликка аҳд қилганмиз. Иккинчиси, асар учун муаллифлик ҳуқуқи олинган бўлиши керак. Бу борада нашриёт таржимон билан ҳамкорликда ҳаракат қилади. Учинчиси, таржима зарур асарлардан бири бўлиши керак. Асарнинг миллионлаб нусхада сотилгани ёки қандайдир юксак мукофотларга лойиқ топилгани аҳамиятсиз. У қайси қадриятларни илгари сураяпти, қандай тушунчаларнинг шаклланишига хизмат қилади, эстетик қиймати қанчалик, ахлоқий тамойилларининг чегараси қандай каби саволлар биз учун муҳим. “Академнашр”нинг таржима асарларини танлаш ҳақида аниқроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун айтишим мумкин, шу кунларда “Ҳитопадеша” дунё юзини кўрди, Хорхе Луис Борхеснинг ҳикоялар тўпламини, Андрей Платоновнинг “Жон” қиссасини чоп этиш арафасидамиз.

– Китоб хатосиз чиқмайди дейишади... Сизнингча-чи?
– Менимча, китоб хатосиз чиқиши шарт. Хатосиз чиқадиган китоблар ҳам учраб туради-ку.
Бундан беш-олти йил бурун ўзбек тилидаги матнларнинг имло хатоларини тузатадиган “Юрида орфо” компютер дастури муаллифларидан бири, кўпчилик яхши танийдиган куюнчак зиёлимиз Анвар ака Шукуров биз билан алоқага чиқди. Дастур ҳақида гапирди. Дастурнинг имкониятлари билан танишиш учун бир-иккита босмахонага туширишга тайёрлаб қўйилган китобларнинг электрон нусхаларини олиб келишни ва текшириб кўришни таклиф қилишди. Айтишларича, катта-катта нашриётлар дастур ёрдамида текширгач кўпминг ададда чиқаётган китобларини яроқсиз деб чиқитга чиқариб, қайтадан чоп қилишибди. Иккита китобимизни текширдик. Битта ҳам хато чиқмади. Анвар ака ҳайратини яшириб ўтирмади. Кўп яхши гаплар айтди. Дастурни ҳамкорлик шарти билан текинга ўрнатиб беришди. Нашриётга қайтгач мен ҳам ходимларнинг олдига кириб бирма-бир қўлларини сиқиб раҳмат айтиб чиқдим. Шу катта хато бўлган экан, кейинчалик китобларимизда хато кўпайиб қолди. Ҳозиргача учрайди. Аммо биз бунга ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Китоб биронта ҳам хатосиз чиқиши шарт!

– Ношир сифатида электрон китобларга муносабатингиз?
– Ижобий муносабатдаман. Электрон ускуна ҳам қоғоз каби бир восита, холос. Қолаверса, ҳозир бу баҳс эскирди. Ривожланган мамлакатларда қоғоз китоблар ўз мавқеини сақлаб қола билди. Шахсан ўзимда электрон китоб қурилмаси бор. Уни харид қилганимда ярим миллион номга яқин китоблар сақланган электрон кутубхона ҳам совға қилишган. Бир-икки ойлик тушликдан воз кечиб Бертелснинг “Сўфийлик ва сўфий адабиёти”, “Навоий ва Жомий” асарларидан ксеро нусха олиб қўлбола китоб ясаган авлод вакили сифатида мен учун бу фантастиканинг ўзи.
Ўзбекистонда китоблари электрон бичимда сотувга қўйилган илк нашриёт балки “Академнашр” бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда маърифатпарвар дўстимиз Давронбек Тожиалиевнинг kitobim.uz дастури учун ўз китобларини тақдим этган илк нашриёт биз эканлигимиз маълум. Бунгача эса бизда электрон китоблар савдоси билан кимдир шуғулланганидан бехабарман. Шу йилнинг охиригача “Академнашр”нинг барча китоблари электрон бичимларда ҳам мавжуд бўлиши ва савдога чиқишини режалаштирганмиз. Айримлари текинга ўқувчиларга тақдим этилади. Электрон китоблар учун ўз дастуримизни яратиш устида иш олиб борилаяпти. Ҳозир “Академнашр”нинг кўп китобларини “kitobim.uz”дан электрон бичимда харид қилиш мумкин.

– Яқин орада Ўзбекистонда бирор марта ҳам халқаро китоб кўргазмалари, форумлар ўтказилмади. Бу нашриётларимизнинг ўз қобиғига ўралиб ишлаши, сустлашишга таъсир ўтказмай қолмади. Кўпгина нашриётлар издан чиқди. Айтинг-чи, жаҳон ноширлиги билан танишиш учун қандай ишларни амалга оширишимиз керак деб биласиз?
– Тўғри таъкидлаяпсиз, халқаро китоб кўргазмаларига катта эҳтиёжимиз бор. Русларнинг машҳур иборасида айтилганидек, бу – “ўзингни кўрсатиш ва ўзгаларни кузатиш” учун яхши бир имконият. Камчиликларимизни илғаб олиш, илғор анъаналар, соҳанинг янгиликларидан хабардор бўлишнинг яхши, кўпчилигимиз учун ягона усули халқаро китоб кўргазмаларидир. Бугун бундай кўргазма ташкиллаштирсак мамлакатимиздаги ноширлик савиясидан уялиб қолишимиз аниқ бўлгани балки бу ишларга тўсиқ бўлаётгандир. Аммо, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, жаҳон билан бўйлашмасак мана шу уятли аҳволда қолиб кетаверамиз. Аксарият ноширларимиз учун жаҳоннинг энг нуфузли китоб кўргазмаларида қатнашиш молиявий томондан оғирлик қилади. Балки “йил нашриёти”га ўхшаш танловлар ташкиллаштириб, ҳомийларни жалб этиб, ғолибларга катта кўргазмаларда иштирок этиш имкониятини мукофот тариқасида тақдим этиш керакдир. Китобларимизнинг савияси кўтарилишига бу ҳам бир рағбат бўлармиди?!

– Бизда ёзувчилар ва ноширлар ҳамкорлиги кўп ҳам йўлга қўйилмаган. Чет элларда ёзувчилар ҳеч қандай ёзувчилар уюшмалари эмас, асосан ноширлар билан ишлайди, улар билан ҳамкорлик қилиш орқали даромад топади. Бизда бу тажриба қандай? Қалам ҳақига бўлган муносабат ҳақида?
– Таассуфлар бўлсинки, бизда ундай эмас. Ва бунинг учун ноширларни айблаш ҳам қийин. Шу мавзу кўтарилганда биз кўпинча унутиб қўямиз, аслида қалам ҳақини муаллифга ношир тўламайди, харидор, китобхон тўлайди. Дейлик, ношир бирон муаллифнинг 320 бетлик китоби учун 100 000 000 сўм қалам ҳақи тўласа ва бу китобни шу кунлардаги энг катта адад ҳисобланмиш 5000 нусхада чоп этса, китобнинг нархи 20 000 сўмга қимматлашади. 20 000 сўм шу ҳажмдаги китобларнинг бугунги кундаги бозор нархидан ҳам қимматроқ. Бошқа томондан қаралса, шундай ҳажмдаги яхши бир асарни ёзиш учун ёзувчи қора қозонини сувга ташлаб камида бир-икки йил меҳнат қилиши керак бўлади. Аслида муаллиф асарни яратиш жараёнида ёт ўй-хаёлларга чалғимаслиги учун 100 000 000 сўм ҳам камлик қилади. Ҳаммаси бугунги кун харидорининг харид қувватига, мамлакатнинг иқтисодий аҳволига бориб тақалаяпти. Аслида халқ бой, китоб қимматли, ижод ва илм қадрли бўлиши лозим. Сўнгги пайтларда бу борада ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Вазият ўнгланишини кутишдан бошқа иложимиз йўқ, афсуски.

– “Академнашр”дан қалам ҳақи туфайли норози бўлган ижодкорлар, олимлар бўлганми?
– Битта муаллифимиз бизни қўшимча, ўғринча нусхалар чиқаришда айблагани эсимда – бу юртимизда жуда кенг тарқалган ҳолат. Шукурки, унақа эмаслигини исботлаб бера олганмиз. Ўша пайтларда “Академнашр”нинг ўз босмахонаси бўлмагани қўл келган. Ҳамкорликни ўша заҳотиёқ тўхтатганман. Энг қизиғи, ўша муаллиф ҳозир ўзи ноширлик билан шуғулланар экан.
Қалам ҳақидан норози бўлганларни эслолмадим. Бизда қалам ҳақи миқдорининг камлиги боис муаллифлар арзимас нарса устида талашиб-тортишишни эп кўрмасликларидан деб биламан буни.

– Ҳозирги кунда солиқ тизимининг ислоҳ этилгани кўп бора таъкидланмоқда. Бу ислоҳатларнинг ноширларга ижобий таъсири борми? Бизда қайсидир мавзудаги яхши китоблар учун солиқ имтиёзлари жорий этилса, яхши бўлмасмиди? Ноширлар яна қандай умидлар қилмоқда?
– Янги Солиқ кодексига кўра биз имтиёз эгасимиз, яъни ҚҚСдан озод қилинганмиз. Аммо тўлиқ эмас. Босма маҳсулотларнинг асосий хомашёси бўлган қоғоз учун, бўёқ, қолип ва елимлар учун ҚҚС тўланади. Китоб нашри учун кўрсатиладиган матбаа хизматлари билан боғлиқ вазият эса умуман чалкаш. Тушунишимча, адашаётган бўлишим ҳам мумкин, китобни тўлиқ ўз кучи билан ва ўз хомашёларидан фойдаланган ҳолда чоп этган матбаа корхонаси аниқ ҚҚСдан озод этилган. Аммо буюртмачининг қоғозида ёки китобнинг муайян бир қисмини, масалан, муқовасини чоп этиб берган босмахона бу хизматларидан ҚҚС тўлайди.
Янги кодекс туфайли нашриётнинг солиқ юки анча камайди. Чунки биз кам фойда қоладиган соҳа ҳисобланамиз ва фойдадан солиқ тўлаш биз учун афзалроқ. Ходимларнинг маоши ҳам фақат даромад солиқлари, давлат жамғармаларига ажратмаларнинг камайиши ҳисобига 10 фоизча ошди. Солиқдан тежаб қолинган маблағларни янги китобларнинг нашрига йўналтираяпмиз. Шунинг ҳисобига бир нечта қизиқарли янги рукнлар пайдо бўлди.
Аслида имтиёзлар иқтисодий рағбатлантиришнинг энг зарарли воситаси деб ўйлайман. Китоб нашри ва савдоси соҳасини қўллаб-қувватлаш эса – зарурат. Бу борадаги хориж тажрибаларини ўрганиб ҳайратга тушганман. Давлат китоб учун сарфлаган пулларидан келажакда юксак савияли мутахассислар, маърифатли жамият шаклида жуда катта фойда кўради. Китобга пул сарфлаш АЭСга пул сарфлагандан кўра ҳам фойдалироқдир.

– Ноширлик соҳасига эндигина қадам қўйган ёшларга нимага яқинроқ, нимадан эса, аксинча, узоқроқ юриш муҳим?
– Маслаҳат берадиган мақомда эмаслигимни аниқ биламан. Ўрнига ўзим учун муҳим деб билганларимни айта қолай. Мўмин киши ўзи қилаётган ишни қўлидан келганча энг чиройли ҳолатга етказишга амр этилган. Буни унутмаслик ва бундан камига рози бўлмаслик шарт. Ҳақни зое қилма! Яъни ҳамкорлар, ходимлар, муаллифлар, китобхонлар ва бошқа ҳамма-ҳамма моддийу номоддий ҳақ эгаларига хиёнат қилмаслик керак.
– “Академнашр” зиёлилар орасида машҳур бўлиб, ишончни оқлашига асосий сабаб нима деб кўрсатган бўлардингиз?
– Бирон сабаб кўрсата олмайман. Фақат таъкидлашим мумкинки, биз шуҳрат қозонишни ҳеч қачон мақсад қилмаганмиз. Зиёлиларнинг ишончини оқлашда эса маррага етиш имконсизлигини биламан. Чунки ишонч доимий равишда муносиб бўлишни талаб қилади. Аллоҳ муяссар қилсин, ростанам ишончлилардан бўлайлик. Бу жуда юксак баҳо.
Аслида нашриёт ўз ҳолича бирон-бир қиёфага эга эмас. Муаллифларни танлар экан, улардан шакл ва ранг олиб нашриёт ҳам қиёфа касб этади. Агар “Академнашр”да бирон ижобий фазилат мавжуд бўлса, билингки, бу бизнинг муаллифларимиз, ҳамкорларимиз сабабидандир.

– Қимматли вақтингизни бизга ажратганингиз учун раҳмат!
Суҳбатни Даврон Мансуров тайёрлади