Сўнгги пайтларда спорт соҳасида бир-биридан қизиқ воқеалар кузатилаяпти. Масалан, футболдан четлатилган футболчилар ва мураббийлар бирор баҳона билан афв этилаяпти. Индамайгина футболга қайтмоқда. "Бу абсурдликнинг чегараси қаерда, буни ҳозирча ҳеч ким билмайди. Чунки четлатилганлар ва кечирилганлар қаторида ушбу ҳолатларга номуносиблари бор. Масалан, Вадим Абрамов четлатилишга, Самвел Бабаян кечирилишга номуносиб", деб ёзғиради футбол мухлислари.

Вадим Абрамов

Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги ассоциация ўша пайтда федерация эди) 2017 йил 16 декабрда таниқли мураббий, айни дамда Фарғонанинг “Нефтчи” клубини бошқараётган Вадим Абрамовни номаълум муддатга футболдан четлатган. ЎФФ қарорида Абрамов “ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдиргани, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётгани” айтилган. Лекин айнан қайси жойда нима дейилгани, кимни ҳақорат қилгани очиқланмаган.

2018 йил 25 июнда, яъни 7 ойдан кейин Вадим Абрамовга профессионал фаолиятини давом эттириш учун рухсат берилган. ЎФА хабарига кўра бу борада Абрамовнинг ўзи мурожаат қилган. “Мазкур мутахассис мамлакат футболи учун салмоқли меҳнат қилган. У эришган натижалар ҳурматга лойиқ. Шу билан биргаликда Вадим Абрамов ҳам футболчилар, мураббийлар ва мутахассисларни ҳурмат қилиши лозим”, – дейилган хабарда. Демак, футбол амалдорларини ҳақорат қилган инсоннинг “ўзбек футболига қўшган салмоқли ҳиссаси” кеч бўлса-да, эътироф этилган.

Ойбек Қиличев

2017 йилнинг 23 октябрь куни “Навбаҳор” футболчиси Ойбек Қиличев 2017 йилги Ўзбекистон чемпионатининг 25-тури доирасида “Қўқон-1912” клубига қарши майдонга тушиб, рақибига тажовуз қилган. Вазиятни ўрганиб чиққан ЎФФ ижроқўми уни бир йилга футболдан четлаштириш баробарида, 10 миллион сўм миқдорида жаримага ҳам тортганди.

“Навбаҳор” клубидаги ижобий ўзгаришлар, футболчининг пушаймонлиги ва бу борадаги мактублари инобатга олиниб, Қиличевни 18 июнь куни очилган трансфер ойнасидан фойдаланиб, қайта рўйхатга олиш учун рухсат берилган. Бунинг учун аввалдан белгиланган жаримани тўлаш керак бўлади”, – дейилади ЎФА хабарида.

Ёшини кичрайтирган футболчилар

2018 йилнинг 5 январь куни ЎФФ раҳбарияти футболдаги энг ёмон иллатлардан бири – ёшини кичрайтиргани аниқлангач, Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурҳон Ҳасанов каби футболчилар футболдан четлаштирилганди.

Муборак рамазон ойи якуни ҳамда ҳайит арафасида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз айбини тушуниб етган бу футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида ижроқўмга ташкилот уставининг 65-моддаси 1.2-бандига асосан айбдор деб топилганлар масаласини қайта кўриб чиқиш таклифини берган ва уларни афв этган. Фақат мамлакат президенти маҳкумларни афв этади десангиз, адашасиз.

Самвел Бабаян

2018 йил 15 январда Самвел Бабаян футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилганди. ЎФФ хабарида айтилишича, Самвел Бабаян “Пахтакор” футбол клубида фаолият олиб борган вақтида футболчиларнинг шартномаси билан боғлиқ ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритгани аниқланган.

“ЎФФ ижроқўми Самвел Бабаяннинг 2018 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинлари давомида тартиб-интизомни йўлга қўймагани, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилмагани ва уларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани, ишига масъулиятсизларча ёндашиб, ўзбек футболининг юзи бўлган миллий жамоа даражасини тушириб юборганини ҳам инобатга олиб, унинг бу каби нохолис фаолияти миллионлар ўйини бўлган футболга нисбатан халқнинг норозилигига сабаб бўлди деб ҳисоблайди”, – дейилганди хабарда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян 2019 йил 26 февралда Тошкентнинг "Локомотив" футбол клуби президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланган. Унинг зиммасига клуб инфратузилмасини кўтариш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш, “Локомотив” болалар ва ўсмирлар футбол мактабини ривожлантириш ва замонавий фаолият юритишини йўлга қўйиш, клубнинг моддий-техник базасини кучайтириш вазифалари қўйилган.

Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан очилган иш орадан 15 кун ўтиб, 2018 йилнинг 1 февраль куни ЎФФнинг вориси ҳисобланган Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ёпилган ва Самвел Бабаяннинг дисквалификацияси бекор қилинган. Бу ҳақда ЎФА орадан бир йил ўтиб, 2019 йил 27 февраль куни маълум қилган.

“Бунёдкор” футбол клуби ЎФАга билдирги киритиб, Бабаяндан дисквалификацияни олиб ташлашни сўраган. “Бунёдкор” футбол клуби Самвел Бабаянга шахсий кафил бўлиш ташаббусини билдиради ва унга қўлланган интизомий чорани енгиллаштиришни сўрайди. Зеро, сўнгги вақтларда давлат раҳбарининг шахсан ўзи билиб-билмай айбли қилмиш қилган ва ўз айбидан чуқур пушаймон бўлган шахсларни афв этмоқда. Ўз навбатида айбини тан олган ва уни ювиш учун меҳнат қилишга тайёр турган шахсларга нисбатан инсонпарварлик принципини қўллаган ҳолда ёрдам қўлини чўзиш зарур деб ҳисоблаймиз”, – дейилади билдиргида.

Мозийга қайтиб...

Ўзбекистон футбол федерацияси 2018 йил 25 январда Ўзбекистон футбол ассоциациясига айлантирилган эди, яъни Самвел Бабаян умрбод футболдан четлатилиши ҳақидаги қарор чиққанидан 10 кун ўтиб. Лекин 2018 йил 1 февралда ЎФА ижроия қўмитаси томонидан ушбу дисквалификация олиб ташланган.

Демак, ЎФФ аввалига омманинг эътирозига сабаб бўлган шахсни футболдан умрбод четлатиш ҳақида қарор чиқарган. Сўнг 10 кун ўтиб, омма эътиборини ўзига қаратган ва ЎФА бўлиб олган. 5 кундан кейин эса ЎФФ чиқарган қарорни ЎФА ими-жимида бекор қилиб қўя қолган. Бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нима дейилмаган. Лекин мутасаддилар ЎФА ЎФФнинг ҳуқуқий вориси бўлиб қолишини унутишмагандир деган умиддамиз.

“Навбаҳор” иши

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби футболчиси ва мураббийлари ҳам футболдан четлатилган. 2019 йил 5 февраль куни бир вақтда иккита клуб билан шартнома имзолагани аниқланган Азиз Турғунбоев 2019 йил 9 июлга қадар футболга алоқадор барча фаолиятдан дисквалификация қилинган. Мазкур вақт давомида Турғунбоев ҳеч қандай футбол клуби билан шартнома имзолай олмайди.

Шунингдек, “ўзи пул топаётган клуб манфаатларига хизмат қилиш ўрнига, унинг ичида туриб бошқа клуб (“Пахтакор” – таҳририят изоҳи) билан олди-берди қилишни афзал кўрадиган мураббий вақтинчалик бўлса-да, футболдан четда юргани маъқул деб топилган” ва жамоа мураббийи Илҳом Мўминжонов 1 йилга футболдан четлатилган.

“Пахтакор” ва “Навбаҳор” можароси сабабли “Пахтакор” спорт директори Жаъфар Ирисметов, клуб вице-президенти Шамшод Сариқов ва бош директор Расул Акромов ҳам 6 ойга футболдан четлатилган.