Шу йилнинг 10 май куни ДХХ томонидан фирибгарликда гумон қилиниб ҳибсга олинган матбуот фонди раҳбари Саид Абдулазиз Юсуповнинг яқинлари унга нисбатан руҳий босим ўтказилганини даъво қилишмоқда.

Бу ҳақда унинг укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов "Фэйсбук"даги саҳифасида ёзди.

Муҳаммад Баҳоуддинга кўра Саид Абдулазиз Юсупов ҳибсга олинган илк кунлари юз берган "руҳий тазйиқ ҳақида ҳозиргача акаси ва оиласини ўйлаб хабар қилмаган".

"Акам Саид Абдулазиз Юсуповга нисабатан 10 кун қамоқ эҳтиёт чораси ҳукми чиқарилгандан сўнг оиламиз томонидан ёлланган адвокат 4 кун ўтиб кўришганида акам уларга қаттиқ руҳий тазйиқ ўтказишганини ва яна бир-икки кун адвокатимиз билан кўришишга рухсат беришмаганида ходимлар хоҳлаган акамни жосусликда айбловчи ҳужжатларга имзо қўйиб қўйиши мумкинлигини айтган эдилар. Адвокатимиз акамнинг руҳий тушкунликка тушганларини кўриб уларни тетиклаштириш учун кўплаб инсонлар улар учун дуода эканини ва қўллаб-қувватлаётганини айтган.

Бир хафтадан ортиқ муддатдан бери адвокатимизга акам билан кўришишга рухсат беришмаяпти! Ҳозир акам Саид Абдулазиз Юсуповнинг соғлиқлари ҳақида аниқ маълумотимиз йўқ. Уларга нисбатан қанақа муносабатда бўлишаётгани бизга номаълум", – деб ёзган Туркияда таҳсил олаётган Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов 1 июн куни чоп этилган постида.

Бир кун аввал у яқинлари Саид Абдулазиз Юсупов билан кўриша олмаётганини маълум қилганди.

"1. Тергов жараёни давом этмокда. 2. Суд бўлгани йўқ. 3. Адвокатимиз акам билан кўришиш учун тўрт-беш марта мурожаат қилгандан сўнг рухсат ола олаяпти", – деб ёзган Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов.

Хавотирлар

Тошкентдаги яқинларининг Би-би-сига айтишларича, "Гвардейский" номи билан билинган ДХХ ҳибсхонасида сақланаётган Саид Абдулазиз Юсупов билан адвокати охирги марта 24 май куни учрашган.

Яқинларининг адвокатга иқтибосан билдиришича, Юсупов қийноқлардан шикоят қилмаган.

"Ўзим ҳам у ёқ-бу ёғини атайин қараб кўрдим, қийноқ белгиларини кўрмадим", – дея адвокатнинг сўзларидан иқтибос келтирди Би-би-си суҳбатлашган яқинлари.

Аммо 31 май куни ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун борган адвокатга ҳибсхона расмийлари "бир ҳафталик карантин" эълон қилинганини айтиб, душанба куни хабар олишни маслаҳат беришган.

Шунингдек, яқинлари Саид Абдулазиз Юсупов учун ўтган ҳафта белгиланган тартибга мувофиқ ҳибсхона ҳисобрақамига ўтказилган пул "бундай шахс йўқ" деган хат билан ўзларига қайтиб келганини айтишмоқда.

Адвокатнинг изоҳ беришича, бу ҳисобхонанинг хатоси бўлиши мумкин, аммо яқинлари Саид Абдулазиз Юсуповнинг турли важлар билан адвокатига кўрсатилмаётганидан хавотир билдиришмоқда.

Номаълум муддат

Ҳибсхона терговчилари ўтган ҳафта Юсуповга нисбатан қамоқда қолдириш эҳтиёт чорасининг номаълум муддатга узайтирилганини айтишган.

Унга нисбатан тергов ҳаракатлари ҳануз Жиноят кодексининг 168-моддаси ("Фирибгарлик") бўйича олиб борилмоқда деб ишонилади.

Яқинларининг тахминича, Саид Абдулазиз Юсуповга сиёсий айблар тиркаш мақсадида руҳий босим ўтказилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид Абдулазиз Юсупов 10 май куни ҳибсга олинган.

12 май куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Юсуповни эҳтиёт чораси сифатида 10 кун қамоқда ушлаб туриш ҳақида ажрим чиқарган.

Эски айблов

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова Би-би-сига "Юсупов ўзини ДХХ масъул ходими деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олгани фактлари аниқлангани"ни айтган.

Би-би-си билан суҳбатда яқинлари Саид Абдулазиз Юсуповга нисбатан "фирибгарлик" айби бундан аввал ҳам илгари сурилганини тасдиқлашди.

Аммо уларга кўра бу – "туҳмат".

Англашилишича, Саид Абдулазиз Юсупов унга пул бергани ҳақида кўрсатма бериш учун ДХХга олиб келинган қорақалпоғистонлик шахслар билан таниш бўлган, аммо улардан пул олганини инкор қилади.

Яқинларига кўра бундан аввал ҳам Саид Абдулазиз Юсуповни айни эпизод билан жавобгарликка тортишга уриниш бўлган.

2016 йилда Юсупов жиноий таъқиблардан қочиб, бир муддат Туркияда яшашга мажбур бўлгани айтилади.

Аммо кейинроқ бу таъқиблар бекор қилинибгина қолмай, Саид Абдулазиз Юсупов масъул лавозимга ҳам тайинланган.

Фитна қурбони?

Яқинларининг фаразича, Саид Абдулазиз Юсупов ҳокимиятдаги Мирзиёев ислоҳотларига қарши гуруҳ томонидан уюштирилган фитна қурбони бўлган.

Журналистнинг ўзи 2018 йилнинг 25 сентябрида Туркияда суратга олингани англашилган ва ҳибсга олинганидан бир кун ўтиб эълон қилинган видеомурожаатида бу фаразни билвосита тасдиқлайди.

"Агар бу кўрсатув интернет тармоғига қўйилган бўлса, муҳтамалан, сиз кўраётган онларда мен ё ҳибсда, ё ватандан ташқарида, ёки худо кўрсатмасин, бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўламан", – дейди видеомурожаатда Саид Абдулазиз Юсупов.

Ўзбекистон расмийлари ҳозирга қадар бу даъволарни шарҳламаган.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ва матбуотга алоқадор бошқа идоралар матбуот фонди раисининг ҳибсга олиниши юзасидан сукут сақламоқда.

Фонд раиси сифатида Юсупов блогерлар чемпионати ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ бошқа тадбир ва лойиҳаларга бош-қош бўлгани айтилади.

37 ёшли Юсупов Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг аъзоси ҳамдир.

Би-би-сига маълум бўлишича, Саид Абдулазиз Юсупов Туркияда президент Шавкат Мирзиёев ҳақида "Янги Ўзбекистон: ривожланиш стратегияси ва либераллашув" номли китобни рус тилида чоп қилаётган бўлган.

Жараён билан яқиндан таниш ҳаммаслагининг Би-би-сига айтишича, Саид Абдулазиз Юсупов китобнинг "сигнал" нусхасини Президент администрациясидаги мулозимлардан бирига кўрсатиш учун олиб бораётган пайти ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, Саид Абдулазиз Юсуповнинг Туркияда муҳожиротда яшаётган мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан қилган видеосуҳбати ҳам тармоқларда чоп этилган.

Муҳаммад Солиҳнинг Би-би-сига айтишича, ўтган йил кузида ёзилган ушбу суҳбатдан Ўзбекистон раҳбариятининг хабари бўлган.

Унинг сўзларига кўра Саид Абдулазиз Юсупов Ўзбекистондаги сиёсий либераллашув жараёнларида рол олган эди ва хориждаги ўзбек мухолифати вакилларининг ватанга қайтиши бу жараённинг зарур бир қисми бўлиши керак деб ишонарди.

Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга қўл урган Мирзиёев ҳукумати ҳозирга қадар сиёсий мухолифат билан мулоқот эҳтимоли борасида ҳеч қандай ишора бермаган.