10 мартда Россия Давлат думаси “суверен интернет” тўғрисидаги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Бундан норози бўлганлар якшанба куни Москва марказида 15 минг кишилик митинг уюштиришган. Митингни Либертарианлар партияси ташкиллаштирган.

Суверен интернет нима?

Хитой, Россия ва яна қатор давлатларда мустақил, глобал интернетдан алоҳида ишлай оладиган, ташқаридан келаётган маълумотларни элакдан ўтказиш имконини берадиган ички интернет тармоғи – суверен интернетни яратишга уринишаяпти.

Хитойда бу ҳаракат 1990-йиллардаёқ бошланган. Яъни давлат бошидан интернет соҳасини тўлиқ назоратда ушлашга ҳаракат қилган. Алоҳида параллел тармоқ структураларини яратган. Россияда бу ҳаракат кейинроқ, яъни рунет глобал интернетга етарлича интеграция бўлгач бошланди. Руслар Хитойга эргашиб, ўзларининг интернет оролларини яратишмоқчи.

"Суверен интернет" қандай ишлайди?

Ҳозирча бунга аниқ жавоб йўқ. Рунетни глобал интернет билан боғловчи асосий нуқталарга маълумотлар пакетини (DPI) чуқур таҳлил қилувчи фильтр ўрнатилиши тахмин қилинмоқда. Трафикни маршрутизация қилишни “Роскомнадзор” назоратга олади. Суверен интернет қандай ишлаши ва оддий фойдаланувчига бу нима билан таҳдид қилиши The Bell мақоласида батафсил ёзилган.

Қонун ижодкорларининг айтишича, бу қонун Россиянинг ахборот хавфсизлигини таъминлайди, ташқаридан бўладиган салбий таъсирлардан ҳимоялайди. Рунет (санкция, киберҳужум ёки бошқа сабаблар туфайли) глобал тармоқдан бутунлай узилганда ҳам "суверен интернет" мустақил ишлашда давом этади.

Қонундан норозилар цензура тўри руслар ҳаётини ўраб олаётганидан хавотирда.

Менга нима, мен Ўзбекистонда яшайман

  • Миллий қонун ижодкорлигимиз аксарият ҳолларда Россия қонунларидан "илҳомланиши"ни инобатга олсак, бизда ҳам келажакда "мустақил интернет" яратиш ҳаракатлари бошланиб қолиши мумкин. Аслида "мустақил интернетнинг" баъзи, алоқа тармоқларининг марказлашган бошқаруви каби элементлари аллақачон Ўзбекистонда татбиқ этилган.
  • "Суверен интернет" моделини кўпгина мамлакатларда, хусусан баъзи Ғарб давлатларида ҳам яратишмоқчи. Бу жаҳоний тенденция, лекин Ғарбда бу жараён огоҳ жамоатчилик ва муносиб суд тизими назоратида ўтмоқда.
  • Россия ва Хитой каби буюк давлатлардан фарқли ўлароқ, ўзнетда арзигулик контент яратишга етарлича интеллектуал салоҳият ва техник имконият йўқ. Интернетда миллий контентни ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида тузилган Davra, Muloqot, Pager каби "миллий" ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ўзини оқламагани бунга далилдир.
  • Россия "суверен интернети" Ўзбекистонни рус маданий таъсиридан чиқариши мумкин.

"За пределами России в странах бывшего СССР очень много пользователей российского интернета, и мы эту аудиторию потеряем. Если мы посмотрим на пример Китая, то там довольно слабые каналы наружу, и они контролируются и фильтруются. У нас же, если мы сделаем слабые каналы наружу, вся Азия: Узбекистан, Туркменистан, – окончательно выпадут из области носителей русского языка", – деб ҳисоблайди Roem.ru лойиҳасининг раҳбари Юрий Синодов.

Бу яхшими, ёмонми, ҳар ким ўз дунёқарашидан келиб чиқиб ҳал қилсин.