Қўқон шаҳридаги 8-мактаб директори Феруза Жабборова дарсдан сўнг рўзадор ўқувчиларни жазирамада югуртиргани учун жаримага тортилган. Бу ҳақдаги Minbar сўровига Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича,

«ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасдан, қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйгани» учун 22 майда мактаб директори Феруза Жабборовага нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Аввалроқ Қўқон шаҳридаги 8-мактаб директори дарсдан сўнг рўза тутган бошланғич синф ўқувчиларини иссиқ ҳавода мактаб ҳовлисида югуртиргани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирган эди.

Қўқон шаҳар прокуратураси шу ҳолат бўйича текширув ўтказган. Мактаб ўқувчилари ва ота-оналардан тушунтириш хатлари олиниб, мактаб директорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан вилоят халқ таълими бошқармасига хизмат текшируви тайинланган.

Терговга қадар текшириш давомида Феруза Жабборова рўза тутган бошланғич синф ўқувчиларини югуртирганини рад этган, аммо ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари бу ҳолатни ўз кўрсатмалари орқали тасдиқлашган.

Прокуратура директор ҳаракатларида жиноят аломатлари топмаган ва 21 майда жиноят иши қўзғатишни рад этган. Лекин унга маъмурий жазо тайинланган ва ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида (тахминан 600 минг сўм) жарима солинган.