“Ўзбекистон почтаси” 29 июнда россиялик бош директори Евгений Биргер билан меҳнат шартномасини бекор қилди. Бир йил олдин “Ўзбекистон почтаси”ни қолоқ тизимдан инновацион ташкилотга айлантираман деб катта гапирган россиялик мутахассис амалда 27,8 млрд сўм ($3,2 млн) қарзга ботириб кетган. Биргернинг ўрнига Алишер Файзуллаев тайинланган.

  • Бергердан олдин “Ўзбекистон почтаси” 2016 ва 2017 йилларни даромад билан якунлаган эди.

Евгений Биргер президент Мирзиёевнинг хорижлик маслаҳатчиларни жалб этиш орқали почта тизимини тубдан ислоҳ қилиш ҳақидаги топшириғи ортидан ўша пайтдаги АКТ вазири Азим Аҳмедхўжаевнинг ташаббуси билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ бош директори этиб тайинланган эди. Аҳмедхўжаев жамоага таништириш чоғида Биргернинг почта алоқаси соҳасида энг нуфузли мутахассислардан бири эканини айтган.

  • Тайинлов ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида катта шов-шувга сабаб бўлганди. Сабаби Биргер бунгача РФ алоқа вазирлиги почта хизмати департаментини бошқарган, ортидан худди Ўзбекистонда бўлганидек катта қарзларни "мерос" қилиб қолдирганди. Ўшанда бу ҳақда тарқалган ахборотларга изоҳ бераркан, бугун Жиззах вилояти ҳокимига ўринбосарлик қилаётган Азим Аҳмедхўжаев “бу бировга яхшиликни раво кўрмайдиган кимсаларнинг иғволари эди. Улар бундан аввал туҳмат учун қораланган. Ушбу мутахассисни ишга таклиф қилишдан олдин тегишли хизматлар билан катта текширув ўтказилди. Ким нима дейишидан қатъи назар у қонун олдида айбсиз” деб айтган.

Биргер ишлаб чиққани айтилган ва ўзбек почта тизимини тубдан ўзгартириши керак бўлган “Почта.2.0” дастурига кўра пенсия тарқатиш “Халқ банки”дан яна почтага қайтарилиши, почта соҳасидаги ходимлар сони кўпайтирилиши ва ойликлари оширилиши, почта қутилари қайта тикланиши, “Ўзбекистон почтаси” Германия почтаси анъаналаридан андоза олиши, почта жўнатмаларини етказиб бериш хизмати қайта тикланиши, жойлардаги почта бўлинмаларига автомобиллар сотиб олиниши керак эди. Аммо буларнинг ҳеч бири амалга ошмаган.