Россия икки йил ичида Ўзбекистонга 12 та Ми-35М ҳарбий-транспорт вертолётини етказиб беради. Шунингдек, Россиянинг Су-30СМ кўп функцияли қирувчи самолётлари ва уларга ўқ-дорини сотиб олиш ҳам режалаштирилган. Бу ҳақда РИА Новости хабардор манбасига асосланиб хабар берди.

"Тўртта Ми-35М вертолёти 2019 йилнинг тўртинчи чорагида, саккизтаси эса 2020 йили етказилади", – деган агентлик манбаси.

Су-30СМ

Россия ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизматидан маълум қилишларича, вертолётлар ва уларнинг жиҳозлари Ўзбекистон ҳукуматига 2017 йили берилган экспорт кредити доирасида етказилади.

Вертолётлар етказиб бериш бўйича шартнома имзолангани ҳақида 2018 йили хабар тарқалган эди. Ўшанда техникаларнинг аниқ сони айтилмаган.

Ми-35М ҳарбий-транспорт вертолёти қуруқликдаги қўшинларнинг зирҳли техникаси ва замбаракларини йўқ қилишга мўлжалланган. У юқори аниқликдаги замонавий қуроллар билан жиҳозланган бўлиб, жанговар топшириқларни ҳамма вақт ҳар қандай об-ҳавода бажаришга қодир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Россия ҳарбий-индустриал комплексининг йирик мижозига айланмоқда. Аввалроқ Ўзбекистон Россиядан махсус жиҳозланган ўнлаб ВПК-233136 «Тигр» машиналари, "Тайфун-К" 4х4 минадан ва пистирмадан ҳимояланган зирҳли автомобилларини сотиб олган. Шунингдек, ўзбек ҳарбийлари БТР-82А бронетранспортерларига буюртма берган.